Ўз карьерасини Шенбрунн саройида туристларга музқаймоқ сотишдан бошлаган австриялик ишбилармон Apple ва Samsung билан тузилган битимлар сабабли, заводга тикилган 40 млн долларини ўн хонали сонга айлантира олди ва илк марта Forbes бойлари рўйхатига кирди.

Бавария яқинидаги Нердлинген шаҳридаги ўрта асрлардан буён сақланиб келаётган конференц залда миллиардер Майкл Тойнер митти батарейкани ўйнаб ўтирибди. Чақадек келадиган бу қурилма — технологик мўъжиза. Унинг айланаси бир сантиметрдан сал зиёд, лекин ҳажми 10 баробар катта оддий маиший батарейкага нисбатан 100 баробар кўпроқ энергияни ўзида сақлай олади. У 15 дақиқада тўлиқ қувватланади, сўнгра 5 соат давомида қайта қувватланмасдан ишлаб бера олади. Бу қурилманинг дастлабки версиялари Нил Армстронгнинг камерасини у Ойга «Аполлон-11» билан қўнган чоғда қувватлантирган. Ҳозиргилари эса Apple AirPods Pro симсиз қулоқликларида ишлатилади.

Бу аккумуляторлар  — ҳақиқий молиявий мўъжиза ҳамдир. 2007 йилда Тойнер уларни ишлаб чиқарувчи Varta компаниясини бор-йўғи 40 млн долларга сотиб олган. Икки ярим йил муқаддам серияли ишлаб чиқарувчи тадбиркор ва венчур капиталист компанияни Франкфурт фонд биржасига чиқарди. Ҳозир унинг бозор қиймати 2,8 миллиард доллар, унинг 56 фоизи Тойнерга тегишли. Commerzbank’нинг баҳолашича, премиум-классдаги симсиз қулоқликлар учун аккумуляторлар бозорининг 50 фоиздан зиёдроғи Varta улушига тўғри келади.

AirPods Pro’нинг савдолари, шунингдек Samsung, Jabra ва Sony билан тузилган битимлар Varta’га 2019 йилда тушумни 34 фоизга ошириб, 400 млн долларга етказиш имконини берди. Компаниянинг муваффақиятлари ва Тойнернинг инвестицион билимлари (Австрия матбуоти уни «Мистер 300 фоиз» деб атайди) 6 фарзанднинг отаси бўлмиш 54 ёшли тадбиркорга илк марта Forbes миллиардерлари рўйхатига кириш имконини яратди. Янги рейтинг учун ҳисоб-китобларда унинг бойлиги 1,9 млрд доллар дея баҳоланган.

«Микроаккумуляторлар шарофати билан биз йилига 50-60 фоиздан ошиб борадиган бозор етакчисига айландик, — дейди Тойнер. — Ўн йилдан сўнг гарнитурасиз смартфонлар қолмайди. Ўсиш истиқболлари жуда улкан».