«Адолат» СДП аъзоси бўлган депутат «Ижарада яшаётган ва кундалик даромадга қараб қолган аҳолига қандай ёрдам берамиз?» сарлавҳали мақоласида ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали аҳолига етказилаётган маҳсулотларни тақсимлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида эҳтиёжманд оилалар қатламини аниқлаб олиш зарурлиги ҳақида гапирган.

«Ҳозирда уч тоифадаги оилалар энг қийин даврни бошидан ўтказмоқда. Биринчи тоифа – бу ўз уй-жойига эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар ҳисобланади. Чунки улар даромад топадими-йўқми, ижара ва коммунал тўловларни ҳар ой тўлашга мажбур. Карантин даврида эса уларнинг аксарияти ишсиз қолишди. Аммо ижара тўловларини тўламаса, бошпанасиз қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Энг ёмони, уларнинг аксариятида ўзлари яшаётган жойида «прописка»си бўлмайди. Табиийки, маҳалладан олинадиган моддий ёрдам ёки озиқ-овқат маҳсулотлар олиш имконияти чекланади.

Иккинчи тоифа - фақатгина чет элда ишлаётган оила аъзосининг даромадига қараб қолган оилалар. Сабаби бугун аҳолимизнинг аксарият қисми ишлаётган Россия Федерацияси ва Қозоғистонда ҳам карантин эълон қилинган. Ўз-ўзидан ушбу давлатларда меҳнат қилиш имконияти анчагина пасайган ёки бутунлай тўхтаган. Табиийки, улар оиласига жўнатаётган маблағлар қисқарди ёки умуман тўхтади. Бундан ташқари, даромадсиз қолган ўзга юртдаги фуқароларимиз ижара ҳақи ва бошқа қўшимча тўловларни тўлашга тўғри келади. Уларнинг оила аъзолари карантин шароитида маблағсиз қолмоқда. Боиси улар на кам таъминланган оилага, на етарли таъминланган оилага киришади.

Учинчи тоифа - кундалик даромадга асосланган ишларни қилиб юрган ватандошларимиз. Яъни кафе, ресторанларда ишлаётган ходимлар ёки бўлмаса киракашлик билан шуғулланиб тирикчилик қилиб яшаётган фуқароларимиз. Карантин шароитида уларнинг меҳнат қилиш имконияти чеклангани боис ўз рўзғорини тебратишда анча қийналмоқдалар. Агарда карантин даври чўзиладиган бўлса, фуқароларимизнинг ушбу қатлами янада қийналиши аниқ», дейди депутат.

У шунингдек, ўзи санаган уч тоифа оилаларга зарурий озиқ-овқат етказиш билан бирламчи эҳтиёжни тўлиқ қоплаб бўлмаслигини таъкидлайди ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор таклифларни илгари сурган. Биринчи навбатда жойлардаги ҳокимликлар маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали юқоридаги тоифаларга мансуб оилаларни «прописка»сидан қатъи назар алоҳида рўйхатини шакллантириши кераклигини таъкидлаган.

«Биринчидан, жойлардаги ҳокимликлар маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда юқоридаги тоифаларга мансуб оилаларни пропискасидан қатъи назар алоҳида рўйхатини шакллантириши керак. Бу каби оилаларни рўйхатга олишни ижтимоий тармоқлар ва ягона телефон тармоғи орқали амалга ошириш ҳам мумкин. Бунда фақат яшаш жойи бўйича ҳақиқий аҳволни маҳалла ўрганиши талаб этилади.