Россиянинг Sport24 нашри ватандошимиздан шулар ва бошқа кўплаб нарсалар ҳақида интервью олишга муваффақ бўлди.
— Одил, яқинда Наманганга инсонпарварлик ёрдамини юборибсиз. Бу хайрли иш ҳақида гапириб берсангиз.
— Ҳозир ҳамма учун оғир давр. Шу сабабли Хитойга келиб, шифокорлар ва шифохоналар учун зарур бўлган қўлқоплар, ниқоблар, кўзойнаклар ва бошқа кўплаб нарсаларни Ўзбекистонга юбордим.
— Коронавирус нафақат Хитойни, балки бутун дунёни эгаллашини кутганмидингиз?
— Йўқ албатта. Биз бутун дунёнинг азият чекишини кутмагандик. Уҳанда қандайдир вирус тарқалгани ҳақида хабар чиққан дастлабки кунларда ҳеч ким бундай бўлиб кетишини ўйламаган эди. Мен коронавируснинг Уҳандан чиқмаслигини кутгандим. Аммо, афсуски 1 ҳафтадан сўнг бутун Хитой зарарланди. Бу даҳшатли ва қўрқинчли.

— Хитойда қисқа вақт ичида шифохона ва вирусга қарши кураш марказлари қурилди...
— Бу ерда ҳукумат нима деса, фуқаролар шуни бажаради. Карантин деб айтилди – барча хитойликлар уйида ўтиришди. Менимча мана шу хислатлар туфайли коронавирус мағлуб этилди. Албатта уни фақат карантин билан енгиш мумкин. Хитойликлар буни дарҳол тушуниб етишди. Ўзбекистонга йўл олганимда, аэропорт томон ҳаракатланаётган бирор машинани кўрмадим. Мана сизга тартиб-интизом.
— Ҳозир Хитойда нима юз бермоқда?
— Ҳаёт изига қайтди. Кўчаларда одамлар кўп, ҳаммаси очиқ. Олдингидек қўрқув йўқ. Тўғри, Шанхайда одамлар ниқобда юрибди, эҳтиёткорлик қилишяпти. Аммо, умуман олганда ҳаммаси яхши.
— Хитой чемпионати қачон бошланади, клуб раҳбарияти нима деяпти?
— Шанхайга қайтиб, 2 ҳафта карантинда ўтирдим. Ҳозир эса тўлақонли шуғулланяпмиз. Мавсумнинг қачон бошланиши маълум эмас. Тушунишимча, футбол бўлиши учун коронавирус тўлиқ кетиши, ҳеч ким касал бўлмаслиги керак. Хитойда вирусни тўлиқ енгиб ўтишмоқчи. Фақат шундан кейин – футбол. Менимча гап май ойининг охири ёки июнь ойи ҳақида кетяпти.

— Ҳозир кўплаб клублар маошларни қисқартирмоқда. Сизларда вазият қандай?
— Айтишларича маошлар 30 фоизга қисқарар экан. Ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

















