Душанба кунидан Испанияда заводлар фаолияти тикланди. Сешанба кунидан Италияда дўконлар очилади.

Аввалроқ Европанинг яна бир давлати Дания мактаблар очилиши ва фуқароларнинг ҳаракатланиши бўйича айрим чекловлар олиб ташланиши ҳақида эълон қилганди.

Германияда ҳукумат чеклов чораларини юмшатиш масаласини кўриб чиқмоқда, Францияда карантин муддати узайтирилди. Буюк Британия ҳам ҳозирча барча чекловлар ўз кучида қолишини маълум қилиб бўлган.

«Очиқ денгизда битта қайиққа тушиб қолдик». Франция қатъий карантинда қандай яшамоқда?

Фото: AFP

ЖССТ эса вирус тез тарқалиши, лекин секинлик билан йўқолишини инобатга олган ҳолда карантиндан воз кечишга шошилишдан тийилишга чақириб, бу янги ҳолатлар ортишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Ташкилот эксперти Мария Ван Керкхове шундай қўшимча қилган: «Бутун Европа бир вақтда карантиндан чиқмаслиги жуда муҳимдир».

Босқичма-босқич карантин чораларини бекор қилаётган Италия ва Испанияда сўнгги ҳафтада кунлик зарарланиш ҳолатлари камая бошлади. Испанияда душанба куни 3 477та янги ҳолат қайд этилган - бу бир кун олдингидан (5 мингга яқин) камроқдир. Ўлимлар сони ҳам камайишда давом этмоқда - душанба куни Испания соғлиқни сақлаш вазирлиги 517та ўлим ҳолатини тасдиқлади, бу якшанба кунги кўрсаткичдан 102тага кам.

«Ғалабага ва одатий ҳаёт тарзига қайтишга ҳали эрта. Биз барчамиз яна кўчаларга чиқиб юришни истаймиз, аммо биз бу урушда ғалаба қозониш ва бу ҳолат қайталанишининг олдини олишни янада кучлироқ истаймиз», - дея огоҳлантирди мамлакат бош вазири Педро Санчес.

АҚШда эпидемия шу ҳафтада кўтарилиш нуқтасидан ўтиши кутилмоқда. «Ҳозирда биз пикка яқинлашмоқдамиз. Буни ўлимлар сони аввалги кунлардагидан камроқ бўла бошлаганидан кейин сезамиз», деган АҚШ Касалликлар профилактикаси ва назорати маркази раҳбари, эксперт, Роберт Редфилд.

13 апрель куни Америкада коронавирус яна 1147 кишини ҳаётдан олиб кетди ва жами қурбонлар сони 23 мингдан ошди. Сўнгги 24 соатда яна 19186та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди ва жами ҳолатлар сони 579 мингдан ошди.