Бу ҳақда 16 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида видеоконференц алоқа шаклида ташкил этилган парламент эшитувида сўз борди. Унда Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан интеграциялашувининг ташқи савдо, божхона-тариф тизимини тартибга солиш, бюджет, банк ва молия соҳаси, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари ривожланиши борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида бир қатор вазирликларнинг ахбороти тингланди.

Парламент эшитувида масофавий тарзда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшид Қўчқоров ўз ахборотида ЕОИИ билан ҳамкорлик барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаши, пировард натижада мавжуд иқтисодий ва ижтимоий номутаносибликларни бартараф этишга хизмат қилиши, бундан ташқари, ушбу ҳамкорлик мамлакатимизда барча соҳаларда ривожланиш жараёнларини жадаллаштириш ва глобаллашув талабларига тезроқ мослашиш имконини яратишини қайд этиб ўтди.

“ЕОИИ билан интеграциянинг миллий иқтисодиётга, жумладан, ялпи ички маҳсулотга тўғридан-тўғри таъсири бўйича баҳолаш ишлари олиб борилган. Мазкур ҳисоб-китоблар иқтисодиёт тармоқларидаги устунлик ва хавфларни, яъни “йўқотиш” ва “ютуқлар”ни инобатга олган ҳолда баҳоланган. Бунда, товарлар ва хизматлар ташқи савдоси, хорижий инвестициялар, бандлик ва миграция жараёнлари, солиқ тушумлари ва аҳоли даромадлари каби йўналишларга алоҳида эътибор берилган”, дейилади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг хабарида.

Эшитувда сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари томонидан айрим мулоҳазалар, саволлар ўртага ташланган. Чунончи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг қайд этишича, ЕОИИ асосий мақсадларидан бири бу — кооперацион алоқаларни ривожлантириш эвазига иттифоқ иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш. Лекин ЕОИИда кечаётган жараёнларда асосан товарлар олди-бердисидан у ёғига ўтилаётгани йўқ. Бундай вазиятда саноати суст ривожланган аъзо давлатга қўйиладиган стантдарт талабларининг юқорилиги рақобатга бардошли бўлмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг банкрот бўлишига олиб келиши тайин.

Ўзбекистонда ҳали ривожланиб улгурмаган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш сегментлари ЕОИИнинг бошқа аъзо давлатлари корхоналари томонидан эгаллаб олиниши хавфи ҳам сақланиб қолади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз ЕОИИ билан кенг кўламли интеграцияга тайёрми, деган ҳақли савол туғилади. Етарли даражада тайёргарлик кўришимиз учун қанча вақт керак, қандай ишларни амалга оширишимиз керак?