Бугунги коронавирус пандемияси вақтида мавзу яна долзарблашганидан келиб чиқиб, инсоният келажакдаги эҳтимолий эпидемияларга қарши қандай чоралар кўриши кераклиги ҳақида Билл Гейтс беш йил аввал билдирган мулоҳазаларни эслаб ўтамиз.

«Бу сафар омадимиз келди холос» – Билл Гейтснинг эбола эпидемиясидан кейинги маърузаси 👉 https://kun.uz/27999060

Posted by

Kun.uz

on Saturday, April 18, 2020

«Болалигимда одамлар ядро урушидан қўрқишарди. Ертўлада сув ва консерва захираси сақланадиган бочка бўларди. Уруш бўлиб қолса, ертўлага яшириниш ва шу захира билан кун кўриш назарда тутиларди.

Бугун эса энг қўрқинчли катастрофа уруш эмас. Катастрофанинг кўриниши ўзгарди. Бу – вирус. Яқин ўн йилликда бирон офат миллионлаб одамларни қириб юбора олса, бу уруш эмас, вирус бўлади. Ракеталар ўрнини микроблар эгаллайди. Чунки ядро қуролланиш учун жуда кўп пул сарфлаяпмиз. Эпидемиялар билан курашиш учун эса ҳеч қанча. Инсоният навбатдаги эпидемияга тайёр эмас.

Мисол учун, эбола. Бу ҳақида барчангиз эшитгансиз. Муаммо жуда мураккаб. Мен касаллик маълумотларини ўрганиб чиқдим. Бу вазиятда муаммо тизимнинг самарасизлигида эмас. Умуман тизимнинг ўзи йўқлигида. Энг оддий ва муҳим воситалар мавжуд эмас.

(Маълумот учун, эбола – кам учрайдиган, лекин хавфли вирус бўлиб, унинг энг йирик эпидемияси 2014 йил апрелдан 2015 йил декабргача Ғарбий Африка давлатларида кузатилган. Бу даврда 27 минг нафардан зиёд африкалик вирус билан касалланган, вафот этганлар сони 10 мингдан ошган).

Касалликни ўз жойида бориб ўрганиб, унинг тарқалиш даражасига баҳо берувчи эпидемиологлар йўқ. Клиник ҳисоботлар фақатгина қоғозларда мавжуд. Ҳисоботлар кечикиб, бирталай ноаниқликлар билан эълон қилинди.

Шай ҳолатдаги тиббий бригада йўқ. Мутахассислар тайёрлаш бўйича методика мавжуд эмас. «Чегарасиз шифокорлар» кўнгиллилар кучидан яхши фойдаланишди. Шунга қарамай, ёрдамчи кучларни касалланган ҳудудларга юбориш ҳаракати кечикди. Ваҳоланки, йирик эпидемия 100 минглаб одам мобилизациясини талаб этади.

Жабрланган мамлакатларда даволаш жараёнини бошқарадиган шахс йўқ. У ерда ташхислашни ҳеч ким назорат қилмади. Қандай даволаш кераклигини ҳеч ким тушунмасди. Оддий мисол. Тузалган беморнинг қон плазмасидан бошқа беморлар учун даво сифатида фойдаланиш мумкин эди. Аммо бу метод қўлланилмади. Йўқотишлар катта бўлди. Бу жаҳон масштабидаги йўқотишлар эди.