Интервьюда коронавирус инфекцияси тарқалган шароитларда пайдо бўладиган молия ва иқтисодиётга доир муаммолар, уларни ечиш йўллари муҳокама қилинди.

«Карантин оқибатларининг иқтисодиётга таъсирини камайтириш ва бартараф этиш учун 10 триллион сўм ажратилиши эълон қилинди. 10 триллион сўм қайси маблағлар ҳисобига молиялаштирилади?» деган саволга молия вазири Тимур Ишметов жавоб берди.

— Президент қарори коронавируснинг иқтисодиётга таъсирига қарши курашнинг бирламчи чоралари сифатида қабул қилинган. 10 триллион сўм ҳам бирламчи ҳисоб-китобларга асосланган. Бюджетга аралаштирмаслик учун алоҳида фонд тузиш топшириғи берилган.

Бу қисман бюджет маблағлари ҳисобига ҳам шакллантириляпти. Бу албатта бюджетда кўрсатилмаган қўшимча даромадлар ҳисобига қилинмоқда, мисол учун, айрим ташкилотларнинг бюджетда кўрсатилмаган даромадлари бор. Лекин шу билан бирга, харажатларни қисқартириш ва қайта кўриб чиқиш ҳисобига бюджетдан олинган маблағлар бир қисми.

Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, бошида 1 триллион сўмни шундай бюджет маблағлари ҳисобидан ишлатамиз. Лекин қарорда 1 миллиард доллар миқдорида халқаро ташкилотлардан қарз маблағини жалб қилиш топшириғи ҳукуматга, хусусан молия вазирлигига берилган. Бу қарз маблағлари ҳам фондни шакллантиришга ишлатилади.

Биз барча молиявий ташкилотлар билан бирламчи музокаралар ўтказиб, келишувларга эришилди. Апрель ойини охирида унинг бир қисмини оламиз. Кетма-кет 4 ойда 1 миллиард доллар қарз маблағи жалб қилинади ва фондга йўналтирилади, — деди Ишметов.

— Ўзбекистоннинг ташқи қарзи билан боғлиқ ҳолати барча рейтинг ташкилотларига кўра барқарор деб баҳоланади. Жорий инқироз тарихда мисли кўрилмаган форс-мажор. Бундай ҳолатларда одатда мамлакатлар тезроқ қарз олиб, инқироздан тезроқ қутулиш чораларини кўришади. Яқинда ХВЖ ҳам қарз олиш квоталарини икки баробарга оширди. Ўзбекистон ташқи қарзини қанчага оширишни режалаштирган?

— Коронавирус Ўзбекистонда 15 мартда аниқланган бўлса, президентнинг бу борада биринчи қарори 19 мартда имзоланган. Ҳукумат йиғилишидан сўнг иқтисодий блок йиғилиши бўлиб ўтган, бирламчи ҳисоб-китоблар қилинган.

Энди пандемиянинг иқтисодиётга, бюджетга таъсирини ҳам қайта ҳисоблаб чиқдик. Президент бирламчи эълон қилинган чоралар етарли эмаслигини англатувчи янги қарор қабул қилди. Унда бизнесга яна қўшимча енгиллик бериш чоралари назарда тутилган. Ўша икки қарор асосида ҳукуматга бюджетни қайта кўриб чиқиш топшириғи берилган. Инқирозга қарши курашиш комиссияси фаолият кўрсатмоқда.