Депутат нимадан норози?

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали сўнгги вақтларда депутатларнинг ҳуқуқбузарликларга оид ҳолатлар оммавий ахборот воситаларида бўрттириб кўрсатилаётгани ҳақидаги эътирози орасида карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларнинг автотранспорт воситалари жарима майдонига қўйилиши ноқонуний эканлиги ҳақида фикр юритган.

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасида транспорт воситаларини ушлаб туриш асослари келтириб ўтилган бўлиб, унда ушбу кодекснинг 54-моддаси талаблари, яъни эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун транспорт воситаларини вақтинча ушлаб туриш келтирилмаган. Бундан келиб чиқадики, жойларда карантинга риоя этмаганлик сабабидан автомобилларни жарима майдонларига тиқиб қўйиш ноқонунийдир. У ерда турган ҳар бир кун учун тўлов ҳам бор. Негадир бунга кўз юмишга ҳаракат қилиняпти. Кодекс бу – қонун. Қарор, топшириқ, буйруқлар қонундан устунмас», дейди Р.Кушербаев.

Адлия вазирлиги масъул ходими нима дейди?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими Ғайбулло Примов эса бироз бошқача фикрда. Унинг сўзларига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасида транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра ички ишлар органлари томонидан МЖтКнинг 10дан ортиқ моддасида назарда тутилган 50га яқин қоидабузарликлар бўйича транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилиши мумкин.

Шунингдек, кодекснинг мазкур моддасида қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам транспорт воситаларини жарима майдонига жойлаштириш мумкинлиги белгиланган.

Маълумки, президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 29 январдаги  Ф-5537-сонли Фармойишига мувофиқ коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси ташкил этилди. Мазкур комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Комиссиянинг 2020 йил 4 апрелдаги қарорида йўл-патруль хизмати ходимлари карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб туриши мумкинлиги белгиланган.