— Ассалому алайкум, Жамшид ака суҳбатимиз аввалида Россиядаги вазиятга тўхталиб ўтсак. У ерда коронавирусга қарши кураш қандай кечмоқда, Ўзбекистондагидан фарқ қиладими?
— Ваалайкум ассалом, Москвада ўзини-ўзи иҳоталаш режими эълон қилинган, бу нарса ҳали бир икки ой давом этиши мумкин. Шу сабаб 9 май ғалаба паради ҳам номаълум санага кўчирилди.
Одамлар ўз ишлари билан, шунингдек, турар жойларига яқин атрофдаги дўконга бориши, узоқ масофага бормаган ҳолда итларини сайрга олиб чиқиши мумкин. Йўлда одамларга ҳужжат орқали юришга рухсат этилмоқда. Бу ишхонадан маълумотнома ва бошқа кўринишда ҳам қилиниши мумкин. Шу билан бирга кўчаларда ҳимоя воситаларисиз юрган одамларни ҳам учратиш мумкин. Очиқчасига мавжуд вазиятни инкор қилинаётганига гувоҳ бўласиз. Лекин уларга нисбатан Тошкентдаги каби очиқ таъқиб қилиш ҳолатлари йўқ.
Вирус юқиш ҳолатлари жуда тез суръатда кўпайиб бормоқда. Бундан икки ҳафта аввал кунига 600-700 кишида вирус аниқланган бўлса, ҳозирга келиб 1,5-2 мингга чиқди. Шунинг ярмидан кўпи Москвага тўғри келади. Бу расмий маълумот, аммо ўша 2 минг одам яна неча кишига юқтиргани номаълум.
— Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олган биринчи бемор аниқланганига бир ойдан ошди. Шундан сўнг барча соҳада чекловлар жорий этиб келинмоқда. Четдан туриб бу ҳолатга қандай баҳо берса бўлади: карантин режими самара беряптими?

— Ўйлашимча Ўзбекистоннинг ҳозирги тутган сиёсати ўзини оқлайди, бу — тўғри йўл. Чунки иложи борича одамларни ўз жойларида сақлаш керак. Ва бу карантин муддати давомида давлат ўзининг вазифаларини тезкорлик билан ҳал қилиши керак.
Биринчидан, касалланганларга етарли тўшак жойлари, тиббий воситалар, тиббий ходимларни тайинлаш етарли миқдорда тайёр бўлиши; иккинчидан, тезкор тест воситалари таъминланган бўлиши лозим. Чунки булар жамият яна ўз нормал йўлида давом этиши учун зарур. Яъни давлат оммавий ишлата оладиган шифохона тиббий воситалари, тезкор тест воситалари билан таъминланган бўлиши талаб этилади. Шунингдек, аҳолида бу вазиятда ўзини тутиш кўникмалари ҳосил бўлиши ҳам керак.
— Пандемиянинг бевосита иқтисодий оқибатларига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистонда аҳолида ҳам, давлатда ҳам ресурслар камайиб бормоқда. Нима деб ўйлайсиз, илк қадамларимиз нима бўлади? Kun.uzʼда эълон қилган мақолангизда ҳам бу ҳақда батафсил тўхталгансиз. Шундан бери вазият ўзгардими?















