Таниқли иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Youtube порталидаги ўзининг «Ҳошимов иқтисодиёти» лойиҳасида иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ва молия вазири Тимур Ишметов билан онлайн интервью уюштирди.

Фото: Hoshimov Iqtisodiyoti / YouTube
Интервьюда коронавирус инфекцияси тарқалган шароитларда пайдо бўладиган молия ва иқтисодиётга доир муаммолар, уларни ечиш йўллари муҳокама этилди. Жумладан, карантин вақтида аҳоли бандлиги ва ишсизликка қарши кураш масалаларига ҳам урғу берилди.
Жамшид Қўчқоров, бош вазир ўринбосари:
— Биринчидан, мактабларимиз, боғчаларимиз, шунингдек, маданият, спорт билан боғлиқ ташкилотлар ишламаяпти. Лекин уларнинг иш ҳақи бериб келинмоқда.
Иккинчи масала — иш ўрнини йўқотган ва ишсизларга имкон доирасида маълум бир енгилликлар яратишга ҳаракат қиляпмиз. 19 мартда президент фармони қабул қилиниб, имтиёзлар белгиланди, инқирозга қарши кураш жамғармаси тузилди.
Фармонга кўра, жамғарма ичидаги харажатларга назар ташлайдиган бўлсак, жамоат ишларини ташкил қилишга қўшимча 400 млрд сўм ажратилмоқда. Биз яқинда жамоат ишларининг ташкил қилинишини ўргандик. Ҳақиқатан ҳам, шу соҳада жуда кўп ишлар қилишимиз мумкин.
Фарғона водийсининг бир туманида турли тиббиёт бирлашмаларида, ҚВПларда кўплаб сингилларимиз, қизларимиз, пенсияга чиққан опаларимиз 0,25 ставкада ишлайди. Уларни қишлоқларда одамларга санитария-гигиена қоидалари, пандемиядан қандай сақланиш йўлларини тушунтиришга жалб қилиб, уларга маълум бир миқдордаги иш ҳақи тўлашган.
Бу — бевосита одамларни қандайдир иш билан банд қилиш. Яна бири — яқинда, ўтган ҳафтада президентимиз банклар билан йиғилиш ўтказди. Унда бир жиддий ўзгариш бўлди. Банкларимиз энди йирик лойиҳаларни молиялаштириши эмас, қандайдир иш ўрни яратадиган, камбағалликка қарши йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириши бўйича келишиб олинди.
Бир катор топшириқлар берилган, тижорат банклари бўйича ишлаяпмиз. Жойларда кичик, лекин кўпроқ одамларни иш билан банд қиладиган лойиҳаларга эътибор қаратмоқчимиз.
Шу йўналишни асослантириш, ишлаб чиқиш ҳам керак. Шундай таклиф бор: 100 гектар сув чиқмайдиган жойга бюджет ҳисобидан фоизсиз ссуда ажратиб, кооперация ташкил қилиб, ўша жойга сув чиқариб, ярим гектардан сабзавот, полиз маҳсулотлари экиш учун ишлайман деган, биринчи навбатда муҳтож ва камбағал оилаларга бўлиб берилса, 200 та оила ишли бўлади. Шунга ўхшаш кўплаб лойиҳаларни назарда тутмоқдамиз.















