Davletov.uz канали муаллифи Қобил Хидиров Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси Мамаризо Бердимуратович Нурмуратов билан коронавирус пандемияси шароитида банк тизимининг барқарор фаолият юритиши, банклар томонидан иқтисодий инқироз оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда валюта курси, инфляция кўрсаткичлари барқарорлиги масалаларида суҳбат уюштирди.
— Пандемия шароитида банклар олдида турган асосий, долзарб вазифалар нималардан иборат бўляпти. Яқинда президентимиз видеоселектор орқали банк вакиллари билан учрашди. Ўзбекистон президентининг 3 апрель кунидаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида тижорат банкларига 3 йилга 2 триллион сўм миқдорида ликвидлик ажратиш ажратиш ҳақида айтилди. Унинг механизми қандай бўлиши ҳақида батафсил маълумот берсангиз.
— Пандемия эълон қилингунига қадар биринчи бор коронавирус аломатлари Хитойда пайдо бўлиб, бошқа давлатларга ўтиш жараёнида январь ойининг охирларида президентимиз томонидан олдимизга бу балонинг глобал иқтисодиётга таъсири, унинг Ўзбекистонга қандай таъсири бўлишини таҳлил қилиб, ўз хулосаларимизни тайёрлаш вазифаси топширилди. Шу нуқтайи назардан Марказий банк барча тижорат банкларимизни стресс тестдан ўтказдик. Яъни коронавирус бошқа давлатларни ҳам қамраб оладиган бўлса, глобал иқтисодиётга унинг таъсири ва ўша таъсирдан келиб чиқиб, Ўзбекистон иқтисодиётига ва у орқали банк тизимига таъсирини баҳоладик.
Барча банкларни 3та мезон асосида стресс тестдан ўтказдик. Энг аввало, экспорт, импорт операцияларига пандемиянинг таъсири. Буни 3 ҳолатда, яъни агар экспортимиз 30, 20, 10 фоизга пасаядиган бўлса, иқтисодиётга ва шу орқали банкларга таъсирини баҳоладик. Бу билан боғлиқ бўлган иккинчи вазият – коронавируснинг Россия иқтисодиётига таъсири орқали аҳоли катта қисмининг пул ўтказмалари орқали жўнатилаётган маблағларида қандай ўзгариш бўлади. Буни ҳам 3 хил сценарийда таҳлил қилиб, бутун банк тизимига таъсирларини таҳлил қилдик. Бундан кейин ўзимизнинг ички ишлаб чиқаришдаги ўзгаришлар, бунинг таъсирида остида бўлиши мумкин: инвестиция дастурлари, қишлоқ хўжалиги, саноат ишлаб чиқариши, қурилишда ва ҳоказо.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, уларнинг якуний таъсири банк тизимида ўз аксини топади. Биз шу аснода банкларимизни стресс тестдан ўтказиб, агар шу вазият бўлса, банклар қандай вазиятга тушиб қолишининг 1 октябргача бўладиган нарсани таҳлил қилиб, ўз прогнозларимизни белгиладик. Шундан келиб чиққан ҳолда президентимизга банк тизимида кутилаётган муаммоларни, бўлиши мумкин бўлган хатарларни акс эттирган хулосаларимизни киритдик.
















