Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари ўринбосари Аслиддин Одилов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонда таълим сифатини оширишдаги турли муаммолар ва инспекция фаолияти юзасидан қатор саволларга жавоб берди.
Ўзбекистонда таълим сифатини оширишга нималар тўсиқ бўлмоқда? – таҳлилий суҳбат
Суҳбат давомида Одилов инспекция томонидан regulation.gov.uz порталига жойлаштирилган ва жамоатчилик томонидан кескин эътирозлар билан кутиб олинган «Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси мақсади ҳамда ҳужжат лойиҳасининг кейинги тақдири борасидаги саволга ҳам тўхталиб ўтди.
Маълумот учун, ҳужжатда нодавлат таълим муассасалари ўқувчиларининг кийимига турли дин ва конфессиялар ҳамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига хос бўлган ҳарбий ва идоравий формали кийим-бош кийиб юришга йўл қўймаслик таклиф қилинган.
«Биз ҳар қандай ҳаракатни амалга оширишдан аввал унга нисбатан халқнинг фикрини ўрганамиз.
Оддий ҳолат, мактаб формаси бўйича эътирозлар аввал ҳам бўлган, лекин бу борада масъул ташкилотлар сукунат сақлашни ўзига тўғри стратегия деб билган. Биз ҳам сукунат сақлаб, жим турсак бўларди, лекин фикр билдирдик.
Ижтимоий тармоқларни кўряпсиз, қайсидир олий таълим муассасасида талаба калта пайпоқда келса, уни дарсга қўйишмаяпти. Қайсидир мактабда эса ўқувчининг сочи узунлигини линейкада ўлчашяпти. Демак, биз бу борадаги низоларни ўрганиш ва уни ҳал қилишда умумий қолип ишлаб чиқиш учун ҳам халқнинг фикрини ўрганишимиз керак эди», – дейди инспекция мутасаддиси.

Нодавлат таълим муассасалари ўз номи билан нодавлат экани ва бу каби муассасаларда ўқувчиларининг ташқи кўринишига қатъий талаблар қўйилиши болаларнинг танлаш ва ўзини ифода этиш эркинлигини чеклашга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Одилов қуйидагича муносабат билдирди.
«Инспекция таълим сифатини хоҳлайди. Агарда ўқувчида уни таълим сифатидан чалғитувчи, дарсда диққатини бузувчи, уйга борганда дарс тайёрлашига халақит берувчи ва ўқитувчини эшитишга халақит берувчи нарсалар бўлса, биз унга барҳам беришимиз керак.

















