
— Бизнесни онлайнга ўтказишдаги муаммолар нималардан иборат?
— Интернет ёки онлайннинг ривожланишидаги асосий кўрсаткичлардан бири - халқ орасида ёки жамиятда интернетнинг қанчалик кириб борганлигидир. Бу масалада статистикага қараганимда Ўзбекистонда бугунги кунда 33 миллион аҳолидан 22 миллиони интернет билан таъминланган. Улардан 19 миллион киши мобил интернетдан фойдаланади.
Бу статистиканинг методикаси қандай эканини билмайман. Лекин шунга қарамай, шу пайтгача кўрамизки, Тошкентдан ташқарига чиққанимизда интернетнинг сифати жуда тушиб кетади. Кўп нарсани ишлатишга қийналамиз. Баъзи жойларда мутлақо йўқ. Бу катта муаммо албатта. Бундан ташқари, интернет бўлгани билан ундан фойдаланиш савияси ҳали деярли бошқача. Биламизки, бизда интернет бир томонлама ривожланяпти. Интернет деганда кўплар телеграм орқали ҳар хил каналларга уланиб, ўша ердан маълумот олиш ва ҳоказони тушунишади.
У «Orient Capital Management» компанияси директори Анвар Ирчаевнинг MFactor лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда онлайн бизнес ривожланиши учун ҳал қилиниши керак бўлган жиддий масалалар мавжуд экани, уларни 3-5 йил ичида ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида айтган фикрига ўз муносабатини билдирди.
— Кеча Анвар ака гапирганларида бир нарсани айтдиларки, Россияда бир неча йил олдин кўрганман. Бизда 3-4 йил кетиши мумкин деган.
Технологик ривожланиш жараёни шундайки, бошқа давлатларда кириб бориш босқичи кейинги босқичларга нисбатан секинроқ бўлади. Кейинги ҳар бир босқичда бу нарса билан тўқнаш келаётган давлат, жой, компанияда бу жараёнлар бир неча баравар тезлашиб кетиши мумкин. Сабаби ўтилган йўлда учраган тўғаноқлар маълум бўлади, технологиянинг таннархи тушиб бориши ҳам катта эффект. Уни қўйиш, тарқатиш, чеккаларга ҳам етказиб бориш нуқтайи назаридан арзонлашиб, осонлашиб боради. Шу сабабли менинг фикрим – бошқа давлатларда 4-5 йил кетган бўлса, буни бир неча баравар тезроқ амалга оширилиши эҳтимоли катта. Айниқса ҳозирги кунда кузатилаётган пандемия орқали онлайнда кўп нарсани ҳал қилсак бўларкан, деган нарса нафақат бизнес томонидан, балки давлат арбоблари, ҳукумат томонидан кўрилиб, фойдаланиш бошланди. Ўйлайманки, кейинги босқичда бу нарсага инвестиция кўпайиб, жараён тезлашади.








