Бу вазиятда ҳар бир тадбиркордан ижодий ёндашув сўралади. Улар ўз вазиятини тўғри баҳолаб, йўл топишга ҳаракат қилиши зарур. Шу билан бирга, давлатга мурожаат қилишдан ҳам тийилиш керак эмас. Менимча, айни пайтда давлат ва тадбиркорлар ўртасида муносабат яхши.
Аслида, бу саволга жавоб беришнинг ўзи қийин. Чунки ҳар бир ишлаб чиқариш соҳасида вазият бошқача. Туризм, умумий овқатланиш, банк тизимидаги вазиятларни бир-бирига таққослаб бўлмайди.
Шундай экан, Молия вазирлиги фискаль сиёсатини ўзгартиришининг вақти келдими?
Фискал сиёсат- давлат даромади ва харажатлари билан боғлиқ сиёсат. Истеъмол бўлмаган вазиятда истеъмол ва қўшилган қиймат солиқлари, акциз солиқлари камаяди.
Масалан, ҳозир нефть нархи тушиб кетиши газ нархига ҳам таъсир қилади. Ва демак, давлат даромад сиёсатини қайта кўриб чиқиши керак. Қайта кўриб чиқиш керак бўлмаган нарса – бу куч ишлатиш ва маъмурий буйруқбозлик усули билан пул ундиришга йўл қўймаслик. Чунки бу нарса коррупцияга йўл очади ёки корхоналар ёпилиб кетишига сабаб бўлади.
Давлат раҳбари энг биринчи корхоналар ёпилиб кетмаслиги шарт экани ҳақида таъкидламоқда. Агар бунга амал қилинадиган бўлса, тадбиркорни бошига тўқмоқ билан уриш керакмас. Чунки давлатнинг даромади- давлат ва бизнес даромади ҳамда уларнинг истеъмолидан ташкил топган.
Шунингдек, приоритет бўлган тармоқлар учун божхона тўловларини ҳам камайтириш зарур. Харажатларни камайтириш, зарур эмас харажатларни бошқа муҳим тармоқларга йўналтириш керак. Албатта, буларнинг барчаси таҳлиллар ва вақт талаб қиладиган жараён.

Kun.uz сайтида ҳам яқинда Халқаро валюта фондининг тавсияси асосида Солиқ ташкилотлари ходимларининг ойлигини қисқартириш ҳақида айтилган тавсияни ўқиб қолдим. Бу таклиф жуда хатарли. Чунки солиқчилар ҳам барча қатори инсон.
Шу ўринда «Фирибгарлик учбурчаги» деган тушунчага эътиборингизни қаратмоқчиман. Бу тушунчанинг таъсирига тушган одам коррупция, мутаҳамликка йўл қўяди. Бу учбурчакнинг биринчи тушунчаси- имконият. Солиқ ходими учун имконият кимнидир солиққа тортиш ва кимнидир солиқдан «озод қилиш»дан иборат бўлиши мумкин.
Иккинчиси – ички ва ташқи босим. Имкониятни кўргандан сўнг вазиятдан фойдаланиш учун ўз-ўзига ёки ташқи тарафдан босим ўтказилиш мумкин. Учинчиси эса рационализация- оқлаш.















