Ўзбекистон | 08:46 / 23.04.2020
1852
4 дақиқада ўқилади

Акциядорларнинг умумий йиғилишини масофадан туриб ўтказиш тартиби очиқланди

Акциядорларнинг умумий йиғилишини ва акциядорлик жамиятларида кузатув кенгашининг йиғилишини чақириш ва масофадан туриб ўтказиш тартиби тасдиқланади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Акциядорларнинг умумий йиғилишини ва акциядорлик жамиятларида кузатув кенгашининг йиғилишини чақириш ва масофадан туриб ўтказиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Акциядорлик жамиятларининг Акциядорларнинг умумий йиғилишлари ҳамда Кузатув кенгашлари йиғилишларини ўтказиш бўйича хизматлар йиғилишни ўтказиш оператори томонидан шартнома асосида амалга оширилади.

Овозга эга акцияларнинг барчаси битта акциядорга тегишли жамиятларга ушбу тартибнинг кузатув кенгаши йиғилишларини ташкил этиш ва ўтказиш қисмигина тааллуқли.

Масофавий тадбирларга таклиф этилган шахслар акциядорларнинг умумий йиғилиши/кузатув кенгаши йиғилишлари жараёнини кузатиши, овоз бериш ҳуқуқисиз акциядорларнинг умумий йиғилиши/кузатув кенгаши йиғилишлари материаллари билан танишиши мумкин.

Акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари амалга ошишини таъминлаш учун Жамиятни бошқариш ҳамда назорат қилиш органлари акциядорларнинг улушидан қатъи назар барча акциядорлар учун тенг муносабатни таъминлайдилар.

Овозга қўйилган масалалар юзасидан қабул қилинган қарорларнинг қонунийлиги электрон овоз бериш билан тасдиқланиши мумкин.
 
Йиғилишни ўтказиш оператори тадбирларнинг масофавий тартибда онлайн режимида шаффоф ўтишини таъминлаш учун керакли ахборот-коммуникацион технологияларга эга Ўзбекистон Республикаси резиденти, юридик шахс бўлиши керак.

Йиғилишни ўтказиш оператори қуйидагиларни таъминлайди:

Жамиятга акциядорларнинг умумий йиғилиши ва Жамиятнинг кузатув кенгаши йиғилишларида масофавий иштирок этиш учун OneID (https://id.gov.uz/) Ягона идентификация тизими орқали иштирокчилар идентификацияси амалга ошириш имконини бериш;

йиғилиш иштирокчиларига онлайн режимда овоз бериш имконини берадиган электрон платформани, шунингдек, электрон бюллетенлар ҳамда овоз бериш натижалари ҳақидаги ахборот жойланган бўлимларни тақдим этиш;

овоз бериш натижалари ҳақидаги ахборотни реал вақт режимида олиш ва акциядорлар билан онлайн мулоқот қилиш имконияти;

Жамиятнинг акциядорлар умумий йиғилиши ва кузатув кенгаши йиғилишларини тайёрлаш ва ўтказиш давомида махфийлик ва ахборот хавфсизлиги.
 
Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш учун йиғилиш ўтказиш операторининг электрон платформасида рўйхатдан ўтган, OneID Ягона идентификация тизими орқали идентификацияланган акциядорларгина акциядорлар умумий йиғилишида масофавий иштирок этган ҳисобланади.

Акциядорларнинг умумий йиғилишида масофавий иштирок этиш учун акциядорларни рўйхатга олиш OneID Ягона идентификация тизимида мавжуд  тасдиқланган қайд рақами орқали амалга оширилади.

Йиғилишда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш кун тартибидаги масалалар бўйича масофавий овоз бериш мумкинилиги тўғрисидаги хабар жўнатилган вақтдан эътиборан бошланади.

Акциядорлар умумий йиғилиш давомида ҳам, ундан олдинроқ ҳам операторнинг электрон платформасида бюллетенларнинг электрон шаклини тўлдириши мумкин.

Акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этиш ва овоз бериш учун олинган ID’ни сақлаш ва ундан фойдаланиш учун акциядор ўзи шахсан жавобгар. Жамият ва акциядор ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига йўл қўймаслик учун акциядор ўз ID’сини сир тутиши лозим.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид