— Биз карантинни ва иқлимдаги ўзгаришларни қишлоқ хўжалигига таъсири ҳақида гаплашдик. Бу борада қишлоқ хўжалиги ривожланган дунё давлатларида суғурта тизими жуда яхши ишлайди.Кластер эгаси, фермер ўз маҳсулотини суғурта қилдиради ва ҳосили қайсидир сабаб билан нобуд бўлса, у суғурта пулини олади. Афсуски, бу тизим бизда ҳали ишламайди. Қишлоқ хўжалиги вазири сифатида соҳага суғурта тизими қачон киришини, томорқачилар, деҳқон ва фермерларнинг эккани қачон суғурта билан ҳимоя қилинишини айта оласизми?
— Бу масала Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида ҳам белгиланган. Унда янги суғурта тизимига ўтиш, қишлоқ хўжалигида молиялаштириш механизмини янгилаш, пахта ва ғаллага давлат буюртмасини бекор қилиш, соҳада тўлиқ бозор механизмларига ўтиш, банкларнинг ишончли кредитлари орқали ер эгалари ва уларнинг экинларини ҳимоялашни режа қилганмиз.
Қишлоқ хўжалигини суғурталашнинг иккита йўли бор. Биринчиси давлат томонидан суғурталаш. Буни нималигини яхши биласиз. Иккинчиси тижорий суғурталаш, яъни суғурта компаниялари қишлоқ хўжалиги экинларини суғурталашга қизиқиш билдириши, фойдани ҳам шундан кўриши керак.
Сиз айтганингиздек, суғурта тизимига етиб келишимиз қишлоқ хўжалигини иқтисодий жиҳатдан ривожланиши билан ҳамоҳанг бўлиши керак. Бунинг учун бюджет томонидан қишлоқ хўжалигига йўналтириладиган маблағларнинг бир қисмини мана шу тизимни ривожлантиришга сарфлаш керак. Ҳосилни суғурталаш тизимининг ривожланиши қишлоқ хўжалигини ривожланиши билан тўғридан тўғри боғлиқ.
Фикримча, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатаётган, айниқса, мавсумий экинларни экиб, фойда олиш нуқтаи назаридан тадбиркор ва фермерларимиз қанча кўпайса, ана шунда давлат ва хусусий агросуғурта компаниялари ҳам кўпаяди. Биз ҳам йирик агросуғурта компаниялари бор давлатларни Ўзбекистонга кенг жалб қилишимиз мумкин.
Айтмоқчиманки, қишлоқ хўжалигида фермер ва томорқачиларни суғурталаш тизимига ўтмоқчи эканмиз, бунда ҳам бозор механизми ишлаши керак.
Биласиз, бизда пахта ва ғалла эскитдан давлат томонидан, яъни Агробанк орқали суғурталанади. Бу автоматик равишда бўлиб келмоқда. Бунда агар суғурталаш ҳолати юзага келса пул давлат бюджетидан ишлатилади. Мен қишлоқ хўжалигини суғурталашга қизиқиши бор бирорта хусусий суғурталаш компанияларини билмайман.















