Чемпионлар Лигаси – (7 август)
Ўтказилмай қолган жавоб учрашувлари 7-8 август кунларига режалаштирилмоқда. Шундан сўнг, УЕФА ҳар 3-4 кунда ўйнаш ва финални 29 августга белгилашни кўзлаяпти. Шунингдек, чорак финалдан бошлаб, рақиблар уй-сафар эмас, бир мартадан ўйнаш орқали ғолибни аниқлаш тизими киритилиши ҳам мумкин.
Европа Лигаси (2 август)
Худди шундай. Нимчорак финалнинг «Севилья» – «Рома» ва «Интер» – «Хетафе» жуфтликлари ўтказилмай қолганди. Бу ўйинлар 2-3 август кунларида ўтказилиб, кейин барча жавоб учрашувлар 6 августга мўлжалланмоқда. Чорак финаллар 10 ва 13 август, ярим финаллар 17 ва 20 август, финал эса, 27 август куни Гданскда бўлиб ўтиши мумкин.
АПЛ (8 июнь)
Телевидениедан тушадиган юз миллионлаб маблағни йўқотмаслик учун инглизлар ҳар қандай шароитда ҳам мавсумни якунлаб қўйиш ниятида. Режага кўра бунинг учун беш ҳафта кетади. Ўйинлар эса, июнь ойида бошланиши мумкин. АПЛда жамоалар яна 9-10тадан ўйин ўтказиши керак.
Ла Лига (29 май)
Испания футбол федерацияси чемпионатни мана шу ҳолатда якунлаб қўя қолишни талаб қилди, аммо Лига кўнмади. Шундан сўнг, федерация раҳбари Луис Рубиалес ва Лига раҳбари Хавьер Тебас қарийб 8 соат давом этган музокараларда қатнашишди ва турнирнинг давомини ўйнашга келишиб олишди.
А Серия (31 май)
Бу ерда ҳам деярли ҳамма мавсумни давом эттиришни истамоқда. Яқинда «Брешиа» президенти агар мавсум тикланадиган бўлса, жамоасига унда қатнашишни тақиқлашини ҳам айтганди. Аввалига камида 7 жамоа чемпионат давом эттирилмаслигини истаётганди, лекин сўнгги мажлисда ҳамма бир овоздан чемпионат давом эттирилишига рози бўлди.
Бундеслига (9 май)
9 майда Бундеслига бошланиши ҳақидаги гаплар миш-миш эмас, балки Германия футбол лигаси директори Кристиан Зайфертнинг баёнотидир. Немислар энг кам риск билан машғулотлар ва учрашувларни ўтказиш режасини ишлаб чиқди. Табиийки, ўйинлар томошабинларсиз ўтказилади.
Лига 1 (3 ёки 17 июнь)
Ҳисоб-китобларга қараганда, Франция клублари чемпионат тўхтатилишидан бир ойда умумий 250 миллион евро йўқотади. Табиийки, француз клублари ҳам турнир давом этишидан манфаатдор. «Нега ишчиларни ишга боришга мажбур қиляпмиз, футболчиларни эса, йўқ?», дея ўринли савол берди яқинда «Нант» президенти.













