Ойлар султони муборак Рамазон ойи муносабати билан Kun.uz таҳририяти ўз ўқувчиларига янги туркум кўрсатувларини тақдим этиб боради.

Кўрсатувимизнинг илк сони «Вақт қадри» деб номланди. Бу мавзуда сўз юритиш учун Тошкент шаҳар Мирза Юсуф жоме масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфуддиновга мурожаат қилдик.

Исломда вақт ифодаси

Дини Исломда энг аввалги мезон – Қуръони Карим ҳисобланади. Унда зикри келган ҳар бир нарса мўътабардур. Унинг ичида яна алоҳида мезонлар бор. Унинг энг каттаси – Аллоҳ субҳанаҳу таолонинг қасам ичиб келтирган нарсалари бўлади. Масалан, вақтни ифода этган калималарнинг Қуръонда жуда кўп келишлиги бир мезон бўлса, иккинчиси ана шу нарсалар билан Аллоҳ таолонинг қасам ичишидир. Албатта, Аллоҳ майда нарсаларга қасам ичмайди.

Муфассирлар Аллоҳ Қуръонда нима учун қасам ичган, деган саволга жавоб берар экан, ўша томондаги нарсанинг қадрини баён қилиш усули дейишади. Масалан, Аллоҳ Қуръони Каримда Ал-аср сурасининг биринчи оятида «Вал асри», деб, аср билан қасам ичган. Аср – бу маълум вақтни ифодаловчи сўз, юз йилликни англатувчи вақтга аср дейилади. Ёки замон маъносини беради. Аллоҳнинг юз йиллик вақт – аср билан қасам ичиши вақтнинг мўътабарлигини кўрсатади.

Бундай оятлар кўп. «Ваз-зуҳо» – зуҳо-чошгоҳ вақтига қасам. «Ваш-шамси» – қуёшга қасам. «Вал-лайли» – кеча билан қасам. Нима учун қуёш билан қасам ичилмоқда? Негаки, Қуёш, Ер ва Ойнинг ўзаро узвий ҳаракати бизга – 24 соатлик вақтни ифода этади.

Шу ўринда қизиқ савол туғилади: Қуёш, Ер ва Ой бу бизнинг галактикамизда. Фазонинг бошқа жойларида-чи? Қуёш, Ер ва Ой бўлмаган жойларда вақт қандай ўлчанади?

Бу масала Аллоҳ таолонинг қудратига ва илмига ҳавола қилинган нарса.

Тошкент шаҳар Мирза Юсуф жоме масжиди имом хатиби
Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов

Ўтган аср охирларида доктор Муҳаммад исмли мисрлик олим Нобель мукофотига сазовор бўлганди. У бир сонияни минг қисмга тақсимлаб, исботлаб берганди. Бир сониянинг мингга бўлиниши вақт узайиши, чўзилиши дейилади.

Исломда эса, «Басту замон ва макон» деган таълимот – вақтнинг чўзилиши, кенгайиши бор. Масалан, ўтган асрларда шундай бир зотлар бўлган ёки айрим замондош уламоларнинг ёзган асарлари билан танишсак, уларда ҳам бизлардаги каби ташвишлар бўлган, оила, маросимлар, тадбирлар, сафарлар бўла туриб, уларни бунчалик кўп ижод қилганликларини ақл кўтара олмайди.