— Долларнинг сўмга нисбатан расмий қиймати доимий ошиб боряпти. Бунинг сабаби қандай омилларга боғлиқ?

 — Тўғри таъкидлаб ўтдингиз, лекин аслида бу ҳолат доллар курси қадрли бўлмоқда, ўсмоқда, деган маънони билдирмайди. Чунки, доллар жаҳон иқтисодиётида резерв валюталардан бири (асосийси) саналади. Қайси маънодаки, яъни, бутун дунё ЯИМнинг қарийб 20 фоизи фақатгина АҚШга тўғри келади. Шунингдек, бутун дунё истеъмолининг 40 фоизи АҚШ ҳиссасига тўғри келади. 

 Халқаро молия институтларининг деярли барчаси АҚШ ҳудудида жойлашган, қолаверса, сўнгги жаҳон валюта тизими, яъни валюта муносабатларини тартибга солиш бўйича конференция Ямайканинг Кингстон шаҳрида 1976-78 йилларда бўлиб ўтган. Бу тизимда ҳам қатор номувофиқликлар мавжуд. Лекин, сўнгги жаҳон валюта тизимини структурасини, архитектурасини сақлаб қолишга ҳаракат қилинмоқда. Энг ривожланган давлатлар (G-7) ичида ҳам экспорт-импорт операциялари ҳажми бўйича ҳам, қўлланиладиган валюта бўйича ҳам АҚШ доллари, умуман, дунё ташқи савдосида, яъни экспорт-импорт операцияларида ҳам АҚШ доллари етакчилик қилади.

 

 — Бу ҳолатнинг миллий иқтисодиётимизга таъсири нималарда сезилади?

 — Миллий валюта курсининг тушиши масаласига келадиган бўлсак, ҳозирги кунда нафақат бизда, шунингдек, балки бизнинг асосий ташқи савдо ҳамкорларимизда девальвация жараёнлари кузатилмоқда. Албатта, бу ҳолат бизга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Масалан, Хитойда коронавирусни кенг тарқалиши оқибатида юзага келган пандемия туфайли Хитой иқтисодиётида ҳаракатсизлик кузатилди, яъни иқтисодий жараёнлар пасайиш тенденциясига эга бўлди. Бунинг натижасида, Хитойнинг ёқилғига бўлган талаби кескин камайиши оқибатида нефть-газ маҳсулотларини импортини сезиларли даражада қисқартиришига сабаб бўлди. Бунинг натижасида, занжирли реакция оқибатида нефть-газ хомашёларининг нархи тушди, хусусан, нефтнинг нархи кескин пасайди, газ импортининг ҳажми тушди, оқибатда унинг ҳам нархи пасайиши кузатилди. Ўзбекистоннинг ташқи савдосига газ экспортининг пасайганлиги, ташқи савдода экспортнинг сезиларсиз бўлса-да, пасайишига сабаб бўлди. Шунингдек, тўлов балансини халқаро трансферлар моддасида кескин камайиши кузатилди, сабаби, хорижда ишлаётган мигрантларимиз томонидан жўнатилаётган халқаро пул ўтказмаларининг сезиларли даражада пасайиши кузатилди. Тижорат банкларининг валюта позицияларида қисқа муддатли ликвидлилик муаммолари кузатилиши рўй берди. Лекин, энг яхши томони миллий валюта - “сўм” курсини ушлаш учун сунъий ҳаракат қилинмаяпти, бозор қонунларига мувофиқ девальвация кузатилмоқда. Бутун дунёда валюта курсини барқарорлигини таъминлаш учун Марказий банклар томонидан валюта интервенцияси ўтказилади.