Жамият | 16:32 / 26.04.2020
3875
3 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлиги: Давлат органларида давлат тилида иш юритиш фуқаролар ҳуқуқини поймол қилмайди

Адлия вазирлиги давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритишга доир қонунчилик талабларига риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик киритиш тўғрисида қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Вазирлик қонун лойиҳаси юзасидан билдирилаётган турли фикрлар юзасидан муносабат билдириб, қатор асосларни санаб ўтди.

«Биринчидан, амалдаги «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 9-моддасига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилиниши таъминланади.

Лойиҳада қандайдир талаблар кенгайтирилиб, тилдан фойдаланишда янги чекловлар киритилмаяпти, фақатгина амалдаги қонуннинг қоида ва талаблари ҳисобга олинган.

Иккинчидан, қонун лойиҳаси давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини қамраб олиб, қонун қабул қилинган тақдирда тегишли равишда маъмурий жавобгарлик фақатгина мазкур давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан қўлланилиши мумкин.

Қонун лойиҳаси мансабдор шахсларнинг қонун талабларига риоя этиши бўйича масъулиятини ошириш, давлат органлари ва ташкилотлари ишида давлат тилидан тўлақонли фойдаланилишини таъминлашга қаратилган.

Учинчидан, қонун лойиҳаси ҳеч қандай йўл билан республика ҳудудида истиқомат қилаётган миллат ва элатларнинг она тилидан фойдаланиш, миллатлараро мулоқот ва таълим олиш тилини ўз хоҳишига қараб танлаш, ўз тилида давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилишга доир конституциявий ҳуқуқларини поймол қилмайди.

Тўртинчидан, мазкур қонун лойиҳаси regulation.gov.uz порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Ҳар бир фуқаро ўз фикр ва таклифларини махсус платформада баён этиши мумкин», – дейилади Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарномасида.

Вазирлик юқорида баён этилганларни ҳисобга олган ҳолда, жамоатчилик вакилларидан «лойиҳани ўзларича талқин қилиб, жамоатчилик фикрини нотўғри ўзанга буришга ҳаракат қилмаслик»ни сўраб, «Ўзбекистон жамоатчилиги олдидаги жавобгарликни унутмаслик»ка даъват этган.

Эслатиб ўтамиз, муҳокамадаги қонун лойиҳасида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаган давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларини БҲМнинг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жаримага тортиш таклиф этилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид