Бугунги суҳбатдошимиз – онколог шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Дилшод Эгамбердиев. У билан соҳадаги янгиликлар, муаммолар ва уларнинг ечими, хориж тажрибаси ҳақида суҳбатлашдик.

– Дилшод, нега айнан онкология соҳасини танлагансиз?

– Энг яқин одамларимни шу касаллик туфайли йўқотганман, шунинг учун шу соҳани чуқур ўрганиб, имкон қадар кўпроқ беморларга ёрдам беришни ният қилганман. Ва умуман онкологик касалликлар шу қадар мураккабки, улар билан жиддий курашмаса бўлмаслигини англаб етганман.

Қолаверса, юртдошларимизнинг бу касалликларни олдини олишдаги ҳаракатлари кўнгилдагидек дея олмайман. Профилактика оқсаши билан бирга касалликнинг оғир босқичларигача мурожаат қилмасликлари соҳа ходимлари саъй-ҳаракатларининг самарасига путур етказади.

– Афсуски, юртимизда онкология ва трансплантологияга эҳтиёжи борлар минглаб, балки юз минглаб топилади. Kun.uz сайтига хайрия сўраб келганларнинг аксарияти ҳам буйрак, жигар каби ҳаётий муҳим аъзоларни даволаш ёки кўчириш учун Ҳиндистон, Жанубий Корея каби давлатларга бориш истагини билдиришади. Жанубий Корея қисман тушунарли, лекин Ҳиндистон тиббиётининг муваффақияти сири фикрингизча нимада?

– Ҳиндистон тиббиётининг мувафаққияти сири, биринчидан, инсон омилида деб биламан. Ҳозир нафақат Ҳиндистонда, балки ривожланган аксари давлатлардаги етакчи шифокорларнинг кўпчилиги ҳинд шифокорлари ҳисобланади. Ҳинд талабаларининг аксарият қисми ўз давлатида ва камчилик вакиллари хорижий тиббиёт университетларида ниҳоятда тиришқоқлик билан ўқишади. Халқаро даражада рақобатбардошлари дунёнинг энг илғор клиникаларидан яхши иш топишади.

Ҳиндистонда ҳам ғарб давлатлари каби тиббиётда ўқиш жуда қиммат ва узоқ вақт талаб қилади. Ҳиндистонлик шифокор ҳамкасбимизнинг айтишича, аксари шифокорлар ўртаҳол оилалардан чиқар экан. Оиланинг барча аъзолари ишлаб пул топиб, тиббиётда ўқиётган бир талабанинг ўқишини таъминлашар экан ва у келажакда етук шифокор бўлиб, бутун оилани қўллаб қувватлар экан.

Иккинчидан, хусусий тиббиётнинг ривожлангани. Ҳиндистон, Жанубий Корея ёки бошқа тиббиёти ривожланган давлатлар рейтингини кузатсангиз, барча топ-клиникалар хусусийдир. Хусусий клиникалар энг илғор тиббий технологияларни ва рейтинги юқори шифокорларни жалб қилиб, даволаш натижаларининг яхши бўлишига ва шу билан бирга ўз даромадини оширишга эришмоқда.