Унинг айтишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) билан биргаликда алоҳида миллий клиник қўлланма ишлаб чиққан бўлиб, шу асосида даволаш ишлари олиб борилади.

Ҳозирги кунда республика бўйича Covid-19 инфекцияси билан касалланганлар билан мулоқотда бўлган ҳомиладор аёллар учун 740 шифо-ўринга эга 14та туғруқ комплекслар, коронавирус инфекцияси тасдиқланган ҳомиладор аёллар учун эса 360 шифо-ўринга эга бўлган 13та туғруқ комплекслари яратилган.

«Шу ўринда айтиш керакки, ҳомиладор аёлларда қуруқ йўтал, тана ҳароратининг кўтарилиши, нафас қисилиши, ҳолсизлик, иштаҳа йўқлиги, мушакларда оғриқ аломатлари пайдо бўлганда уйдан чиқмаган ҳолда яшаш манзилларидаги участка шифокорига ёки аёллар маслаҳатхоналарига мурожаат қилишлари зарур. Карантин даврида ҳомиладорлар шошилинч ҳолатлардан ташқари шифокорлар маслаҳатлашувларини масофавий алоқа (телефон, видеоалоқа ва бошқалар) орқали ўтказишлари тавсия этилади», дейди Барно Абдусаматова.

Коронавирус болалар учун қанчалик хавфли? 12та саволга жавоб

Ҳомиладор аёлда коронавирус инфекцияси аниқланса ва у муддатига етмаган бўлса, ҳомиладорлик давом эттириладими?

Барно Абдусаматованинг таъкидлашича, бу энг аввало, она аҳволининг оғирлиги, ҳомиланинг яшаб кетиши ва соғломлиги каби кўплаб омилларга боғлиқ. Агар коронавирус инфекцияси мавжуд бўлган ҳомиладор аёлнинг аҳволи оғир ёки ўта оғир деб баҳоланадиган бўлса, унда диагностик мезон ва халқаро тиббий тавсияларга мувофиқ, ҳаётий кўрсатмаларга кўра, ҳомиладорлик муддатига қарамай туғдиришни амалга ошириш керак. Аммо ҳозирги кунда коронавирус инфекциясига чалинган ҳомиладор аёлларда бу касаллик ҳомила учун жиддий асоратлар хавфи юқорилиги тўғрисида ҳеч қандай далиллар мавжуд эмас.

Covid-19 инфекциясига чалинган аёлда ҳомиладорлик муддатига етган бўлса, туғруқ усулини танлаш акушерлик кўрсатмалари асосида индивидуал амалга оширилади. ЖССТ кесарча кесишни фақатгина тиббиёт нуқтаи назаридан ўринли деб топилгандагина ўтказишни тавсия этади.

Инфекция онадан болага ўтадими?

«Туғруқ мураккаб жараён. Айрим юқумли касалликка чалинган оналарнинг фарзандида онадаги инфекциялар бўлмаслиги мумкин. Аммо коронавирус бутун дунё шифокорлари учун ҳам кутилмаган касаллик бўлди. Тўғри, коронавирус инфекцияси мавжуд бўлган ҳомиладор аёлдан туғилган болага инфекция ўтадими, деган савол ҳар бир аёлнинг хаёлидан ўтиши табиий. Мутахассисларнинг маълум қилишларича, янги туғилган чақалоқларда коронавирус инфекцияси ўтган ҳолатлар нисбатан кам қайд этилган, агар ушбу инфекция болага ўтган тақдирда ҳам, барча ҳолатлар енгил шаклда кечган», дейди ССВ бошқарма бошлиғи.