Ватандошларимиз ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бу турдаги назариялар ҳақида ёзаётганига тез-тез дуч келяпмиз. Айримлар: «Бу вирус – Эрон ва Хитойни кучсизлантириш учун АҚШ ўйлаб топган қурол» деб тахмин қилишса, бошқалар: «Йўқ, вирус бу Хитойнинг ўсиб бораётган аҳоли сонини кескин камайтириш борасидаги чораси бўлса керак», дейишмоқда.

Яна бошқа скептиклар эса: «Шубҳасиз, бу – Россиянинг ўз халқини сайловлардан чалғитиш воситаси», дейиш билан овора.

«Нега шунақа экан-а? — Карантин пайтида уйда ўтирган хонадошларимга савол ташладим. — Нега ҳар доим қандайдир мусибатли ҳодиса содир бўлса, хаёлимизга дастлаб буни қандай тушунишимиз мумкин, деган эмас, балки буни аниқ кимдир қилган деган савол келар экан-а?»

Фитна назариялари нега тез тарқалади?

Инсон табиатан атрофидаги унга таъсир ўтказадиган воқеа-ҳодисаларни билишга жуда иштиёқманд. Биз атрофимиздаги воқеалар содир бўлиш сабабини турли кузатиш, ишончли маълумот тўплаш ва уларни илмий таҳлил қилиш орқали тушунтириб келамиз. Лекин баъзан маълум воқеа-ҳодисалар табиатан ноаниқ, тушунтирилиши мураккаб ва у ҳақида илм ҳосил қилиш бироз вақт талаб қилади. Айнан шундай ноаниқ вазиятлар фитна назариялари вужудга келиши учун дастлабки заминни тайёрлайди.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, бундай назариялар 2 хил ҳолатда тез тарқалади: воқеа-ҳодиса жамиятда инқирозли вазият ва инсонларда маълум қўрқув ҳосил қилганида (масалан террорчилик хуружлари ёки тезкор сиёсий ўзгаришлар) ва юзага келган мураккаб вазият ҳақида аниқ маълумот етишмасдан ноаниқлик пайдо бўлганида.

Баъзида давлатлар маълумотни халқдан яшириши ноаниқ вазиятни янада чигаллаштириб, инсонлардаги шубҳа кайфиятини янада кучаяди (шунинг учун ҳам фитна назариялари одатда маълумотлар нисбатан ёпиқ давлатларда вужудга келади).

Ва ниҳоят, бундай ноаниқ ва таҳдидли вазиятда аниқ маълумот етишмаслигидан шубҳада турган одамлар онги маълум бир сиёсий-иқтисодий агендага хизмат қиладиган фикр билан манипуляция қилиниши орқали фитна назариясига айланади. Турли-туман «далиллар» билан «қадоқланган» бу назариялар энди оддий халқ истеъмоли учун ахборот ўта тезлик билан тарқаладиган медиа-маконга чиқарилади