Япония ва Жанубий Кореяда фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассислар Kun.uz мухбири билан суҳбатда пандемияга сабаб бўлгани учун Хитойдан бошланган пандемиянинг ҳуқуқий оқибатлари, касалликнинг глобал ва Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини таҳлил қилиб беришди.

– Пандемия оқибатида юзага келаётган ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий инқирозларни кузатиб шу фикрга келиш мумкинки, ҳатто ривожланган давлатлар ҳам бу даражадаги эпидемияга тайёрмаслиги кўриниб қолди. АҚШ ҳам кузатилаётган статистикани ҳам олиб қарайдиган бўлсак, шу даражадаги қудратли давлатнинг соғлиқни сақлаш тизими ҳам коронавирус олдида ожиз бўлиб қолди. Бунга қайсидир маънода президент Трампнинг тийиқсиз ҳаракатлари, карантин чекловларини ўз вақтида жорий этмагани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу ҳақида ҳам кўп фикрлар билдириляпти.

Айрим давлатлар, хусусан, АҚШ ва Буюк Британия аллақачон Хитойни айблашни бошлаб юборишди. Тез орада ХХРни халқаро жавобгарликка тортиш ҳақидаги иддаолар ҳам янграяпти.

Aлишер УМИРДИНОВ, Нагоя иқтисодиёт университети профессори (Япония):

– Жамшид ака, шу ўринда бир қўшимча айтмоқчиман. Covid-19 тарқалишида Хитойнинг халқаро ҳуқуқий жавобгарлиги бор ёки йўқлиги ўзим аъзо бўлган Халқаро ҳуқуқшунослар жамиятида ҳам қизғин баҳсларга сабаб бўляпти. Халқаро ҳуқуқда бир давлатни ҳуқуқий жавобгарликка торта олиш учун ўша давлат маълум бир халқаро ҳуқуқий асосларни, яъни халқаро шартнома, халқаро одат ҳуқуқи ёки халқаро умумэътироф этилган халқаро нормаларни бузган бўлиши керак. Бу ерда Хитой Covid-19 ёйилаётгани ва унинг хавфлилик масаласи бўйича қайси манба асосини бузди, қайси ҳуқуқий асосга хилоф иш қилди, деган масала бор.