Расмий ва ҳақиқий маълумотлар бошқа-бошқа

Эронда сўнгги кунларда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари яна ўса бошлади ва 6 май куни мингдан ортиқ бемор аниқланиб, 100 минглик нуқтадан ўтилди. 7 май куни яна 1,5 мингга яқин ҳолат аниқланди.

Илк ҳолат қайд этилган ва расмийлар томонидан вирус ўчоғи деб эълон қилинган Қум шаҳри ички ва ташқи огоҳлантиришларга қарамай, карантинга, ҳатто назорат остига ҳам олинмади. Шу асно эпидемия қисқа фурсат ичида нафақат бутун мамлакатга, балки минтақадаги бошқа мамлакатларда ҳам тарқалиб улгурди. Жараённинг аввалбошдан шаффоф бир шаклда бошқарилмагани эса давлатнинг ахборот манбайи сифатида ишончлилигига жиддий путур етказди.

Таъкидлаш жоизки, Эронда «расмий маълумотлар» атамаси «ҳақиқий маълумотлар» тушунчасидан буткул фарқли. Шу боис узоқ йиллар давомида давлат ва жамоатчилик ўртасида юзага келган ишончсизлик сўнгги пайтларда ўзининг ҳадди аълосига кўтарилди. Ҳукумат томонидан кўрилган чора-тадбирлар халқ томонидан қўллаб-қувватланмади.

Бугун Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинаётган кунлик ахборотлар ҳам расмийлар томонидан ҳақиқий маълумот сифатида қабул қилинмаяпти. Ҳар куни мунтазам равишда эълон қилинаётган бу маълумотлар жамоатчиликни хабардор қилишдан кўра кўпроқ ички ва ташқи ташвиқот қуролига ўхшайди. Шу боис, Эронда Covid-19’га чалинган хасталарнинг ҳақиқий сони айтилганидан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Ишонч кўзгуси дарз кетди

Қайд этиш лозим, замон эҳтиёжларини қондира оладиган инфратузилма мавжуд эмаслиги мамлакатда сурункали муаммолар илдиз отишига олиб келди. Бу эса ўз навбатида соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалаларида жиддий ташвишлар туғилишига сабаб бўлмоқда. Масалан, узоқ мунозаралардан сўнг Эрон маъмурияти томонидан Covid-19’га қарши кураш доирасида 23 миллион хонадонга ажратилган 1 миллион туманлик кредит ҳам алоҳида бир муаммога айланди.

Бундан ташқари, хасталарни қабул қилиш, рецепт ва дори-дармон тарқатиш ёки бемор тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда эмас, эски тартибда – қоғозда юритилаётгани ҳам хавотирларга сабаб бўлмоқда. Шаффофлик тамойили ўртадан кўтарилишига ва бошқарув механизмида муаммолар пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Устига устак, кейинги пайтларда касаллик муолажаси учун ишлатиладиган дори-дармонларни импорт қилиш масаласида ҳам қийинчиликлар юзага келмоқда. Масалан, Эрон парламентининг соғлиқни сақлаш комиссияси аъзоларидан бири коронавирус беморларида қўллаш учун олиб келинган 20 мингта «Фавипиравир» номли дорининг атиги 15 мингтаси вазирликка етказилгани, қолган 5 мингтаси эса изсиз ғойиб бўлганини маълум қилди. Яқинда Эрон Аудиторлар суди раиси Одил Азер ҳам баъзи импортёрлар ва айирбошлаш шохобчаларига ўтган йили тарқатилган 31 миллиард долларнинг 4,8 миллиарди давлатга топширилмаганини эълон қилди.