Президентнинг давлат мулки объектларидан оқилона фойдаланишга доир қарорлари ва Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органларига масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда фойдаланилмаётган ёки самарасиз фойдаланилаётган бино-иншоотлар ва ер участкаларини ишлаб чиқариш фаолиятига жалб этиш, шу жумладан уларни ҳокимликлар балансига олиш ва кейинчалик инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар асосида тадбиркорлик субъектларига реализация қилиш топширилган.

Шунга кўра, 2020 йил 19 февраль куни ўтказилган давлат онлайн аукцион савдоларида «Кавсар мадад» хусусий корхонаси ғолиб чиқиб, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, «Искандар» МФЙ ҳудудида жойлашган Бўстонлиқ туман ҳокимлиги балансидаги «Энергоқурилишиндустрия» унитар корхонасининг қурилиш ости майдони 952.2 кв.м бўлган бино иншоотларини 3,7 га умумий ер майдонлари билан бирга сотиб олган.

Сурхондарёлик тадбиркор мулк учун белгиланган 352 млн сўм миқдоридаги тўловларини муддатидан олдин давлат бюджетига ўтказган. Бундан ташқари, 3 йил ичида амалга ошириш шарти билан инвестициявий ва ижтимоий мажбурият, жумладан 1,5 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, камида 120та янги иш ўрни яратиш мажбуриятини олган.

Мазкур мажбуриятларга мувофиқ ташландиқ ҳолда ётган объектни реконструкция қилиш мақсадида лойиҳа ва қурилиш материаллари учун қўшимча 209 млн сўм харажат қилинган. Бунга ишчи ходимларнинг ойлик иш ҳақлари ҳамда овқатланиш харажатлари қўшилмаган.

Шунингдек, умумий қиймати 915 минг АҚШ долларига тенг бўёқ, профил ва қувур ишлаб чиқариш цехлари қурилиши учун замонавий технологияларни харид қилиш мақсадида тузилган шартномалар доирасида хитойлик ҳамкорларга 274,5 минг АҚШ долларини ўтказилган.

Лекин, «Ўзбекгидроэнергоқурилиш» АЖ 2020 йил 12 март куни Бўстонлиқ туман маъмурий судига Бўстонлиқ тумани ҳокимлигининг ҳаракатларини ғайриқонуний ва қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида шикоят киритган. Объектга қўйилган тақиқ оқибатида реконструкция ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ишлари тўхтатилган.