
Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Сенат ялпи мажлисида ахборот берди.
Унинг сўзларига кўра, 2019 йилда прокуратура тизимида 100 нафар ходим, шу жумладан 30 нафар раҳбар кадр «коррупцияга мойиллиги сабабли» ишдан бўшатилган.
Бундан ташқари, ўз хизмат вазифасини уддалай олмаган 282 нафар ходим, жумладан, 119 нафар раҳбар лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, тизимдаги 15 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган.
«Соҳадаги муҳитни соғломлаштириш, прокуратурани коррупциядан холи тизимга айлантириш борасидаги ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилади», – деди Ниғматилла Йўлдошев.
Бош прокурор ахборотига кўра, тизимдаги ходимларнинг 45 фоизини ёшлар ташкил этади; уларга иш ўргатадиган мураббийлар етишмагани учун бой берилган устоз-шогирд анъаналарини тиклашга ҳаракат қилинмоқда.
«Ўз хоҳишига кўра бўшаган 40га яқин ходимни ишга қайтариб, етарли малакага эга мураббийлар фаолияти йўлга қўйилди. Шу йўналишда суяги қотган кадрларни қайтардик.
Кадрларни танлаш ва тайинлашдаги марказлашган, субъектив ёндашувга қарши чоралар кўрилди. Ҳар бир ходим салоҳияти ва малакасидан келиб чиққан ҳолда лавозимга тайинланади», – деди у.
Йўлдошевнинг қўшимча қилишича, прокуратура тизими тўлиқ электрон шаклга ўтказилган, «натижада фақатгина қоғоздан бир ойда қарийб 200 млн сўм, бир йилда 3,5 млрд сўм маблағ тежалган».








