Президентнинг “Абу Даби ривожланиш жамғармаси (БАА) иштирокида “Самарқанд шаҳрида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 апрелдаги ПҚ-4256-сон қарорига асосан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг “Самарқанд шаҳрида сув таъминоти, оқова ва йўл тизимларини модернизация қилиш” лойиҳасини босқичма-босқич амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Қайд этилишича:
Ўзбекистон Республикасига Абу Даби ривожланиш жамғармаси (БАА) директорлар кенгаши томонидан лойиҳани молиялаштириш бўйича кредитга хизмат кўрсатганлик учун хизмат ҳақи 0,5 фоиз, йиллик 2,50 фоиз ставкаси билан 4 йиллик имтиёзли даврини ҳисобга олиб 17 йил муддатга 300,0 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит тақдим этиши маъқулланган;
Лойиҳа доирасида ишларнинг турлари ва ҳажмларини белгилайдиган батафсил лойиҳа концепцияси Абу Даби ривожланиш жамғармаси (БАА) талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Белгилаб қўйилишича:
лойиҳа Абу Даби ривожланиш жамғармаси (БАА) томонидан берилаётган кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
Абу Даби ривожланиш жамғармаси (БАА) кредит маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, шунингдек лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш учун Самарқанд вилояти ҳокимлигини масъул ҳисобланади;
лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш 2021 йил 1 февралгача лойиҳа билан бир вақтда амалга оширилади;
лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси 2021 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади;
Абу Даби ривожланиш жамғармаси(БАА)нинг кредит маблағлари бўйича хизмат ҳақи тўловлари, фоиз ва асосий қарзни тўлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.
















