12 май куни «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.
Қарорга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг янгиланган ижро этувчи тузилмаси тасдиқланди. Жумладан, қуйидаги лавозимлар киритилган:
- Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари;
- Бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи;
- Бош вазир маслаҳатчиси — Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи.
Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида қуйидагилар тугатилди:
- Бош вазирнинг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари лавозими;
- Бош вазирнинг саноатни ва кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими;
- Маҳалла, оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти;
- Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти.
Шунингдек, қарор билан Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, маънавият ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти ташкил этилди.
Қарор билан Бош вазирга бир қатор янги вазифалар юкланди. Бош вазир, жумладан, IT-технологиялар, «электрон ҳукумат»ни жорий этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, телекоммуникациялар, илм-фан, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни ривожлантиришни таъминлаш фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади.
Бундан олдинроқ Давлат солиқ қўмитаси раиси сифатида ишлаб келган Беҳзод Мусаев бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди.
















