Kun.uz билан боғланган Андижон вилояти Андижон шаҳри 13-ихтисослашган давлат умумтаълим ўқитувчиси Искандар Саттибоев ҳамда Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани 65-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби интернати ўқитувчиси Исроил Тиллабоев масофадан дарс ўтиш тажрибаси ҳақида фикрини билдирди.
Искандар Саттибаев:
– Биринчи навбатда, мана 15 мартда республикамизда биринчи коронавирус касаллиги қайд этилган эди. Апрел ойи бошида бошланиши керак бўлган 4-чорак бошланмай қолди ва биз мана шу ўн кунлик таътил ичида дарсларимизни онлайн таълимга ўтказиш чора-тадбирларини бошладик.
Ҳозирда Андижон вилоят халқ таълими вазирлигининг асосий платформаси Телеграм мессенжери бўлиб турибди. Мавжуд бўлган синфларнинг ҳар бири ўзининг номи билан битта Телеграм гуруҳ очган. Мана шу гуруҳ ичида ушбу синфга алоқадор бўлган ота-оналар, ўқувчилар ва ўқитувчилар – ҳаммаси шу битта гуруҳда тўпланишган. Мисол учун, битта 7-“А” синфни оладиган бўлсак, бунда 70 тадан 80 нафаргача аъзо бор. Ота-оналар, ўқувчилар ва ўқитувчилар. Қолаверса ҳар бир гуруҳга раҳбар ходимлар – синф раҳбарлари, директор ўринбосарлари бириктирилган.
Мана ҳар кунги республика миқёсида бўйича телевизор орқали бериб борилаётган теледарсларнинг жадвали аввалдан эълон қилиняпти. Мисол учун 9-синфлар учун ўзбек тилидаги инглиз тили дарси 9:15 ёки 9:30 атрофида қўйиляпти. 7-синфлар учун соат 13:00 билан 14:00 орасида оралиғида намойиш этилмоқда. Мисол учун, мен инглиз тили ўқитувчиси бўлганим учун эртанги жадвални кўриб оламан ва ўша вақтда мен ҳам ўша каналга уланиб тураман. Бу онлайн дарслар республика миқёсида ҳамма жойга тарқатилади. Шу кунги дарснинг умумий мавзуси эълон қилинади. Бу ерда ўқитувчи ўзининг тушунчаси бўйича асосий тушунчаларни ва кейинги кун учун топшириқларни беради. Бу дарс тугагандан кейин, мен компьютер орқали кўрсатувларни қайта кўряпман ва ҳар битта керакли жойларини “Screenshot” қилиб бораман. “Screenshot” ёрдамида слайд тайёрлайман ва телевизор орқали тарқатилган маълумотларни қўшимча тушунтиришлари билан, изоҳлари билан ёки баъзида “youtube”дан керакли видеоларни кўчириб олиб, маълумотларни янада тўлдириб, шартли равишда айтадиган бўлсак, 7-“А” синфнинг гуруҳига ташлайман.

Энди ушбу гуруҳда Искандар Саттибоевдан онлайн дарс келди, деган хабар боради ва ушбу хабарнинг тагидан мен ё изоҳли, ё матнли топшириқ қолдираман. Шу билан бирга овозли хабар ҳам қолдираман ва қачон, қайси вақтгача қабул қилиб олишимни ҳам айтиб ўтаман. Масалан, дарс бугун 10:00 да бўлган бўлса, эртага 17:00 гача топширишингиз керак, деб айтиб қўяман. Мен топшириқларни кўриб чиқиб, топширган ўқувчиларни баҳолаб, ушбу ўқувчиларнинг рўйхатини кечки пайт эълон ҳам қиламан.















