Жаҳон | 01:18 / 18.05.2020
14857
2 дақиқада ўқилади

Орбитага Пентагоннинг ўта махфий шаттли учирилди

Фото: ULA

Atlas V ракетаси 17 май куни АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари космик қўмондонлигининг ўта махфий шаттли X-37B билан орбитага учирилди. Таъкидланишича, учувчисиз шаттл разведка учун мўлжалланган.

Бу ҳақда парвозни амалга оширган United Launch Alliance (ULA) компанияси хабар берди. 

Ракета парвози Канаверел бурнидаги 41-старт майдончасидан АҚШнинг шарқий соҳили вақти билан 9:14да амалга оширилган.

Дастлаб парвоз 16 май куни амалга оширилиши режалаштирилганди, бироқ ёмон об-ҳаво сабабли бир кунга қолдирилган.

Норасмий манбалар маълумотларига кўра, шаттл ўзга сунъий йўлдошларни кузатиб, зарурат бўлганда уларни йўқ қила оладиган фазовий кема технологияларини текшириш учун мўлжалланган. Шаттл орбиталарни тезда ўзгартириши ва ҳаракатланиши, кичик юкларни орбитага етказиши ва Ерга қайтариши мумкин.   

Ўзида самолёт ва фазовий кемани бирлаштирган шаттлга тажрибаларни ўтказиш имкониятини ошириш учун ишчи модул ўрнатилган. Бу тажрибалардан аксарияти махфийлаштирилган.

Пентагоннинг расмий маълумотларига кўра, X-37B бортида АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг илмий-тадқиқот лабораторияси учун қуёш энергиясини радиочастотавий микротўлқинли энергияга айлантириш бўйича тажриба ўтказилади ҳамда бу энергиянинг Ерга узатиш имконияти ўрганилади. 

Шунингдек, шаттлда НАСА учун радиация ва бошқа фазовий ҳодисаларнинг материалларга ва овқатга ишлатилувчи ўсимликлар уруғига таъсирини ўрганиш бўйича иккита тажриба ўтказилади. Бундан ташқари, мини-шаттл АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари академияси яратган кичик ўлчамдаги FalconSat-8 сунъий йўлдошини орбитага чиқаради. 

Узунлиги 9 метрни, қанотлари қулочи 4,5 метрни ташкил қилувчи X-37B шаттли 2010 йилдан бери орбитада махфий тажрибаларни ўтказиш учун 5 та парвоз амалга оширган.

Охирги марта у орбитада 780 кун қолиб, фазода қолиш бўйича ўз рекордини янгилаганди: у 2017 йил орбитага жўнатилиб, Ерга 2019 йил октябрида қайтган.

Мавзуга оид