Жамият | 14:19 / 19.05.2020
3949
3 дақиқада ўқилади

“Саховат карвон”лари Сирдарё вилоятига мунтазам жўнатилмоқда

Сирдарёда юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этишда Халқ қабулхоналари ҳам муносиб иштирок этмоқда. 

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги Халқ қабулхоналари секторлар раҳбарлари ҳамкорлигида “Саховат карвон”лари Сирдарё вилоятига мунтазам жўнатилмоқда. 

Сув тошқинидан зарар кўрган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари аҳолиси учун шу кунга қадар жами 1 миллиард сўмдан зиёд 38 турдаги кундалик ҳаёт учун зарур маҳсулотлар олиб келиниб, эҳтиёжманд оилаларга етказилди. Булар асосан озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бошлар, рўзғор буюмлари, гигиена воситалари ва бошқа буюмлардан иборатдир.

Халқ қабулхоналари масъуллари махсус ишчи гуруҳлар ташкил этиб, Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларида уйма-уй юриб, “Қўрғонтепа”, “Аҳиллик”, “Қўрғонтепа”, “Дўстлик”, “Юртдош”, “Саховат” каби ўнлаб фуқаролар йиғинларидаги 3,5 мингдан зиёд оилаларнинг ҳолатини ўрганди. Натижада аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами – боқувчисини йўқотган аёллар, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор шахслар, ёш болали, кўп фарзандли оилалар рўйхати шакллантириб, уларнинг энг бирламчи ҳаётий муаммоларини ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга вақтинчалик кўчирилган аҳоли ҳолидан ҳам мунтазам равишда хабар олиняпти. Жумладан, Халқ қабулхоналари ҳодимлари Гулистон шаҳри “Бўстон”, Мирзаобод тумани “Наврўз” махаллаларида сингари ташкил этилган қатор ижтимоий марказлардаги оилаларга кунлик эҳтиёжлари учун нима зарур бўлса, барча керакли ёрдамни ўз вақтида кўрсатяптилар.         

Тошқин оқибатидан жабр чеккан инсонлар муаммоларини ўрганиш асносида Халқ қабулхоналарига 1,1 мингдан зиёд мурожаат қабул қилинган. Мутасадди ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида мазкур мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг 89 фоизи жойида ҳал қилинган. Хусусан, ичимлик суви, электр энергияси ва газ билан таъминлаш, тошқин натижасида йўқотилган ҳужжатларни тиклаш, зарарни қоплаш учун компенсация маблағларини белгилаш ва ундириш, кредит таътиллари бериш, қўшимча иморатларни тиклаш, бандликни таъминлаш каби қатор масалалар шулар жумласидандир.

Мавзуга оид