Ўзбекистон | 12:49 / 22.05.2020
33714
2 дақиқада ўқилади

АҚШ коронавирусга қарши кураш учун Ўзбекистонга қўшимча маблағ ажратди

АҚШ ҳукумати USAID орқали Ўзбекистонга қўшимча 3 миллион доллар ажратишини эълон қилди. 

Фото: USAID

COVID-19 пандемиясига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар доирасида АҚШ ҳукумати Тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонга қўшимча 3 миллион доллар ажратишини эълон қилди. 

Қўшма Штатларнинг мамлакатдаги элчихонаси хабарига кўра, шу тариқа АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонда коронавирусга қарши саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда кўрсатган бевосита ёрдами 5,92 миллион долларни ташкил этмоқда, бунинг тахминан 3,8 миллиони эса USAID ҳиссасига тўғри келади. USAID ушбу қўшимча маблағни коронавирусга қарши кураш ва уни назорат қилишда лабораториялар ҳамда соғлиқни сақлаш ходимлари имкониятини кенгайтиришни давом эттиришга сарфлайди.

Билдирилишича, бу аввалроқ эълон қилинган маблағ билан АҚШ ҳукумати соғлиқни сақлаш ҳамда диагностика муассасаларида инфекция тарқалишининг олдини олиш учун маслаҳатлар ва техник кўмак бериш орқали Ўзбекистоннинг COVID-19’га қарши олиб бораётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда. 

“USAID’нинг Ўзбекистондаги дастурлари кенг кўламли тест ўтказиш учун лаборатория тизимларини тайёрлаш ҳамда вирус юқтириб олган беморларга оид ҳолатни яхшилашга ҳам ёрдам бермоқда. 

Бундан ташқари, USAID дастурлари коронавирус тарқалишини тўхтатишга кўмаклашиш ва дезинформация ёйилишининг олдини олиш мақсадида аҳолининг заиф қатламларига аниқ ва тўғри маълумот етказиш орқали маҳаллий жамоалар билан муносабатларда ҳамкорлик қилмоқда.

COVID-19 тарқалишига қарши курашга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, USAID мамлакат иқтисодини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони кучайтириш, саломатликка жиддий хавфларни бартараф этиш ҳамда аҳоли эҳтиёжларини қондиришда ҳукумат имкониятларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда иш олиб бормоқда”, - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид