Бугунги кунда Ўзбекистонда коронавируснинг янги тўлқини кузатилмоқда. Янги аниқланган беморлар кимлар ва вирус кўпайишига нималар сабаб бўлмоқда? Ҳозирда вазият қандай?

– Ҳақиқатан ҳам бутун дунёда мураккаб вазият кечмоқда. Aйни пайтда дунё бўйича 5 миллион 300дан ортиқ янги коронавирус ҳолатлари аниқланди. Кунига 100 мингдан ортиқ янги коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқланяпти. Ўзбекистонда ҳам кунига 30-40та, айрим ҳолатларда 60та ҳолат тасдиқланмоқда. Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш борасида жуда кўп чекловлар киритилган эди. Шу сабабли Ўзбекистонда бошқа давлатлар билан таққослаганда вирусга чалиниш ҳолатлари камроқ бўлди. Лекин биз санитария қоидаларига риоя этмасак, вазият мураккаблашиб кетиши мумкин. Касаллик аниқланганлар сони кескин кўпайиб кетиши ҳам мумкин.

Aгар аҳолимиз карантин талабларига риоя қилмаса, биз вазиятни қўлдан чиқариб юборамиз.

Тошкент, Самарқанд ва Навоий вилоятларида коронавирус аҳоли орасидан аниқланмоқда. Бунга нима сабаб бўлмоқда? Юқиш занжири аниқланганми?

– Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда аҳоли орасидан вирусга чалинганлар аниқланмоқда. Санитария-эпидемиология маркази ходимлари томонидан ҳар бир ҳолат ўрганилмоқда. Унинг келиб чиқиш сабаби, қаердан келиб чиқаётгани аниқланяпти. Одамдан одамга юқиш ҳолатлари айнан ўзаро мулоқот сабабли келиб чиқмоқда. Бир одам 50-100 нафар одамни зарарлаши мумкин. Ҳар бир ҳолат бўйича ўрганиш олиб боряпмиз. Касалланган беморларни шифохонага ётқизяпмиз. Ўзбекистонда ҳар бир янги бемор дарҳол шифохонага ётқизилади. Бундан ташқари, у билан мулоқотда бўлган ҳар бир одам карантинга олинади.

Вирус дастлаб четдан келган фуқароларда аниқланаётганди. Энди аҳоли орасидан аниқланяпти. Бизда вирус ўчоғи пайдо бўлдими?

– Биринчи ҳолат 15 мартда қайд этилди. Биринчи бемор билан мулоқотда бўлган инсонлар ҳам касалланган ва улар ўрнатилган тартибда шифохонага ётқизилди.

Нафақат бугунги кунда, балки олдин ҳам аҳоли орасида касалланганлар аниқланган. Олдинги ойларда бизда чекловлар қатъий эди. Шу туфайли вирус тарқалиши эҳтимоли камроқ эди. Бугунги кунда иқтисодиётни ривожлантириш, инқирозга дуч келмаслик учун чекловлар камайтириляпти. Энди биз янада масъулият билан ёндашишимиз керак. Тегишли тартибларни амалга ошириш талаб этилади.