Ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган камбағал оилалар, ёлғиз оналар, кўп болалари оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳимояга даъвогар қатлам ҳисобланади.

Kun.uz мухбири Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини фавқулодда ва умумий ҳолатда қандай ташкил этиш кераклиги, бу борада қандай хатоларга йўл қўйилаётгани хусусида экспертлар фикри билан қизиқди.

«Ижтимоий ҳимоя хайрияга эмас, инсон ҳуқуқларига асосланиши керак»

Дилмурод Юсупов, Буюк Британиянинг Сассекс университети қошидаги Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти:

– Ўзбекистонда карантин режими жорий қилинишидан аввал ҳам ижтимоий ҳимоя тизими талабга жавоб бермасди. Ногиронлик нафақаси, болаликдан ногиронлик нафақаси 400 минг сўм атрофида. Бу эса яшаш харажатларини қопламайди. Республикада истеъмол саватчаси, яшаш минимуми тушунчалари ҳали тўлиқ шаклланмагани туфайли ижтимоий нафақалар яшаш харажатларига мос келмайди.

Ногиронлик нафақасини олувчилар мустақил яшай олмайди, берилаётган пул дори-дармоннинг ўзига зўрға етиши мумкин. Шунинг учун улар оила аъзоларининг ёрдамига таянади. Аммо карантин даврида кўпчилик ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбур бўлди, бу уларнинг оилалари даромадига икки ҳисса таъсир қилмай қолмайди.

Ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги бўйнида. Ногиронлик нафақасини тайинловчи тиббий меҳнат экспертиза комиссиялари ҳам уларнинг қошида. Аммо карантин даврида ногиронлиги бўлган инсонлар ТМЭКдан қай тартибда қайта ўтиши мумкинлиги, ногиронлик муддатини узайтириш шартлари айтилмади. Реабилитация воситалари (аравача, эшитиш мосламалари кабилар) қандай етказилиши ҳақида маълумот берилмади.

Пандемия даврида ногиронлиги бўлган, рўйхатдан ўтган шахсларга доимий оладиган нафақасидан ташқари шу миқдорда қўшимча бир марталик тўловни қўшиб беришни таклиф қилгандим. Бошқа давлатларда ижтимоий нафақалар карантин даврида ошириб берилди. Лекин бундай ёрдам Ўзбекистонда жорий қилинмади.

Ижтимоий таъминотга муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатишда кўнгилли гуруҳлар – нодавлат-нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмаларининг иштироки бўлиши керак. Улар эгилувчан бўлиб, фаолиятини вазиятга давлатдан кўра тезроқ мослаштира олади.

Ёрдамни ташкил қилишда ногиронлар бирлашмалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши керак эди. Мисол учун, кўз ожизлар жамияти кўзи ожизларга  ёрдам қай шаклда берилиши кераклигини давлат идорасидан кўра яхшироқ билади.