Kun.uz мухбири президент Мирзиёевнинг маданият соҳасига оид янги фармони ва бу соҳада ечимини кутаётган бир нечта муаммолар юзасидан Маданият вазири Озодбек Назарбеков билан суҳбат уюштирди. Кеча суҳбатнинг биринчи қисми ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган эди.
Қуйида Маданият вазири билан суҳбатнинг иккинчи қисми билан танишишингиз мумкин.

— Мактабларда йиллар давомида мусиқа дарслари эътиборсиз қараб келинди. Дарсларни айрим ҳолларда бошқа фан ўқитувчилари ўтган ҳолатлар ёки керакли чолғу асбоблари бўлмаган ҳолатлар етарлича. Бу соҳада қанақа ўзгаришлар бўлади?

Мусиқа таълими бўйича Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан алоҳида дастур ишлаб чиқиладиган бўлди. Аслини олганда ҳам, мусиқа таълими сиёсатини қайси босқичда бўлмасин, Маданият вазирлиги юритиши, дастурини тайёрлаб бериши керак. Ва албатта, ягона сиёсат юритилсагина, бу борада яхши ечим топилиши мумкин. Агар ҳамма ўзига қулай вариантини қабул қилса, лекин соҳа эгалари бўла туриб жим турсак, бу тўғри эмас.

Масалан, Халқ таълими вазирлигининг аудиториясини таҳлил қилсак, улар бизнинг мухлисларимиз экани ойдинлашади. Мухлис эса тўғри баҳо бера олиш даражасида базавий билими бўлиши керак. Бугун айрим арзон санъат турларининг юқорилаб кетишида ҳам мухлис савияси тушгани сабаб бўлиб қолмоқда. Яъни мухлис ижрочиларга катта-катта талаб қўймаяпти, «бўлаверади» дея борини қабул қиляпти, фонограммаларга кўникяпти. Масалан, бизнинг ёшлигимизда қишлоқ тўйларида ҳам санъаткордан классик асарлар сўралар эди. Бири фермер, бири ҳайдовчи, бири ўқитувчи бўлган аудитория вакиллари классик санъат намуналарини сўрарди, катта-катта мажбуриятлар қўярди.

Демак, мухлис талаби, истеъмолчи хоҳишлари санъатнинг қадри ошишида катта рол ўйнайди. Шунинг учун умумтаълим мактабларига бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ. Чунки биз у ерда профессионал санъатимизга баҳо берувчи, қабул қилувчи ва уни истеъмол қилувчи мухлис тайёрлаймиз.

Шунинг учун бу аудиторияни тайёрлаш асоси бўлган мактабгача таълим ва халқ таълими учун дастур тайёрламоқчимиз.

Чунки бола 7 ёшгача ўзининг қандай қўшиқ эшитишини танлаб бўлади. Ундан кейин болага бошқа нарса таклиф қилиш бефойда. Шунинг учун биз боғчаларда мақом куйларидан, жаҳон классикасининг кичик-кичик намуналаридан фойдаланмоқчимиз, шунда уларни эшитиш учун болаларнинг қулоғи очилади.

— Кўзи ожиз болалар ҳақида ҳам саволим бор эди. Кўзи ожиз болаларнинг кўпчилиги мусиқа таълимига қизиқади. Бироқ уларнинг кўпчилигининг ота-оналари ҳам кўзи ожизлиги ёки бошқа муаммолари ҳисобига тўлов қилишга қийналишади. Олдинги вазир Бахтиёр Сайфуллаев кўзи ожиз болаларни мусиқа тўловидан озод қилиниши ҳақида ҳам айтган эди. Лекин ҳозир яна шу масала кўтарилгани ҳақида эшитяпмиз. Наҳотки, буни ҳал қилиш имкони йўқ?