Маълум бўлишича, 26 май куни Ёзёвон туманида қурилаётган «Марказий Фарғона» сув омборида балиқчилик билан шуғулланувчи тадбиркорнинг балиқ сақлаш кўлида, сувнинг ташқарига чиқиш қисмидаги ҳимоя тўри техноген омиллар таъсирида очилиб кетган.
Сим тўрлар эскиргани сабабли узилиб, натижада балиқларнинг бир қисми «Марказий Фарғона» сув омбори атрофидаги сой ва каналларга оқиб чиққан.
«Ҳолат бўйича вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг экоинспекцияси ва Ёзёвон туман инспекторлари томонидан тезкор рейдлар ташкил қилиниб, тун-у кун назорат қилинмоқда.
27-28 май кунлари Ёзёвон сув омборидан чиққан балиқларни фуқаролар томонидан ноқонуний равишда ов қилаётган 9 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан 12 миллион 320 минг сўм миқдорида жарима ва 10 миллион 813 минг сўм ҳайвонот дунёсига етказилган зарар ҳисобланган», – дейилади қўмита ахборотида.
Бундан ташқари, 300 метрдан ортиқ тўрлар олиниб, белгиланган тартибда йўқ қилинган. Рейд тадбирлари давом этмоқда.
Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларидан ташқари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 15 апрелдан 1 июнга қадар табиатда балиқ овлаш тақиқланган (юқоридаги икки ҳудудда эса бу муддат – 25 апрелдан 10 июнгача). Бу оралиқ муддат – балиқларнинг кўпаядиган даври.
«Сув омборининг техноген ҳолати меъёрида»

Kun.uz Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан олган маълумотга кўра, воқеа рўй бергач, 26 май куни «Марказий Фарғона» сув омборининг техник ҳолати ўрганилган.
Фарғона вилояти ҳокимлиги идоралараро комиссияси ишчи гуруҳи – вилоят ФВБ, МГҚБ, «Саноатгеоконтехназорат» ташкилоти, «Ўздавсувхўжалик» инспекцияси масъул ходимлари томонидан ўтказилган тафтишда сув омборининг техник ҳолати меъёрида экани тасдиқланган.















