Kun.uz сайтида 25 май куни «Қоракўллик тадбиркорнинг қора кунлари: фаолиятига ҳоким тўсқинлик қилаётган чоғда унга табиат ҳам талафот етказди» сарлавҳаси остидаги мақола эълон қилинган эди.

Унда Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги «Amirzoda Trade» МЧЖ раҳбари Жўрабек Турдиевнинг тадбиркорлик фаолиятида дуч келаётган муаммолар ҳақида сўз боради.

Ушбу мақола юзасидан таҳририятга Бухоро вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Ҳ.Давлатов имзоси билан расмий муносабат йўлланди. Унда айтилишича, Қоракўл туман ҳокимининг 2018 йил 29 сентябрдаги 1383-сонли қарорида ҳамда лойиҳа олди ҳужжатлар тўпламларида (архитектура режалаштириш топшириғи), ажратилган ер майдонида «3 қаватли автомобиллар тўхташ жойи ҳамда ҳожатхона» биноси қурилиши кўзда тутилган.

Лекин лойиҳа ташкилоти буюртмачи («Amirzoda Trade» МЧЖ) талаби билан лойиҳа таклифларини тайёрлаш жараёнида асоссиз ҳамда ушбу ҳудуднинг бош режасига зид равишда, ҳудудда режалаштирилмаган, яъни биринчи вариантда: «Савдо дўконлари ва автомобиллар тўхташ майдончаси» ҳамда иккинчи вариантда: «Супермаркет (юқори қисмида очиқ кафе) ва супермаркет учун автомобиллар тўхташ майдончаси» объектларнинг лойиҳа таклифлари ишлаб чиққани сабабли, вилоят бош архитектори З.Муҳиддиновга, лойиҳа ташкилоти томонидан тақдим этилган лойиҳа таклифлари «келишилмаган».

Шунингдек, вилоят бош архитектори З.Муҳиддинов томонидан лойиҳа ташкилоти Аслбек Жўраевга, ҳудуднинг бош режасидан келиб чиққан ҳолда, Қоракўл деҳқон бозори атрофида ва яқин ҳудудларда автотураргоҳлар йўқлиги, бозор атрофида автотранспорт воситалари тирбандлигини камайтириш, шунингдек, туман ҳокими қарорида кўрсатиб ўтилган «3 қаватли автомобиллар тўхташ жойи ҳамда ҳожатхона» биноси қурилишининг лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш лозимлиги тўғрисида тушунтирилган.

«Ажратилган ер майдонида, лойиҳа ташкилоти томонидан қурилиши режалаштирилган «3 қаватли автомобиллар тўхташ жойи ҳамда ҳожатхона» биноси лойиҳа смета ҳужжатлари тайёрлаб, белгиланган тартибда вилоят Қурилиш бош бошқармасига тақдим этилса, вилоят бош архитектори томонидан «келишиш» жараёнида ҳеч қандай эътироз йўқлигини маълум қиламиз», дейилади расмий муносабатда.