Жаҳон | 10:41 / 02.06.2020
44739
2 дақиқада ўқилади

Судмедэкспертиза: Жорж Флойднинг ўлими қотиллик туфайли рўй берган

АҚШда ўлими оммавий норозиликларга олиб келган афроамерикалик Жорж Флойднинг жасади ёрилиши унинг ўлимига бўғилиш сабаб бўлганини кўрсатди. 

Фото: Jerry Holt / Star Tribune via AP

Шифокорлар чиқарган хулосага кўра, Флойд бўйнига узоқ вақт босиб турилгани сабабли кислород етишмагани оқибатида ҳалок бўлган. Бу ҳақда марҳумнинг оиласи адвокати Бен Крампга таяниб CNN телеканали хабар берди. 

Адвокатнинг таъкидлашича, Флойд аввал таъкидлангандек жонлантириш бўлимида эмас, балки воқеа жойидаёқ жон берган. 

Бироқ Хеннепин округи суд-тиббиёт экспертлари аввалроқ бошқача хулоса чиқариб, Флойдда бўғилиш оқибатида ўлганининг бирор-бир аломати топилмаганини маълум қилишганди. Улар эркакнинг ўлими сабаблари орасида ундаги касаллик ҳамда интоксикацияни айтиб ўтишган. 

46 ёшли Флойднинг ўлимидан кейин АҚШни норозилик намойишлари қамраб олди. Эркак 25 май куни шифохонанинг жонлантириш бўлимида ҳаётдан кўз юмган. 

Миннеаполис шаҳрида юз берган воқеадан кейин полициячилар Флойд қўлга олиниши вақтида қаршилик кўрсатганини таъкидлашган. Бироқ кейинроқ интернетда бунинг аксини кўрсатувчи видео пайдо бўлган. Видеода 4 полициячи Флойдни ерга йиқитгани, улардан оқ танли бири эркакнинг бўйнини тиззаси билан босиб тургани акс этган. Полициячи Флойднинг нафас ололмаётганидан шикоят қилишига қарамай, унинг бўйнидан оёғини олмаган. Натижада Флойд ҳушини йўқотган.

Воқеада иштирок этган полициячилар ишдан бўшатилган, Флойдни бўйнини эзган полициячи эса эҳтиётсизлик сабабли қотиллик содир этишда айбланган.

Мавзуга оид