Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд вилоятида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш ва янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали (СамДУнинг филиали) ҳамда Тошкент давлат транспорт университетининг Каттақўрғон филиалини (Транспорт университетининг филиали) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Қуйидагилар:

а) СамДУнинг филиали фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

ҳудудда педагогика соҳа ва тармоқларининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифалари, шунингдек, замонавий техника ҳамда технологияларнинг ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда педагогика соҳаси бўйича тарбия ва ўқитиш усуллари, таълим жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга профессионал олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;

илмий-педагог кадрларни ижтимоий шериклик асосида тайёрлаш бўйича иш берувчилар, давлат бошқаруви органлари ва ижтимоий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

СамДУнинг филиалининг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида хорижий фуқаролар учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибани татбиқ этиш;

ўқув ва илмий лаборатория хоналарини ташкил этиш, замонавий технологиялар асосида жиҳозлаш ҳамда ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш;

таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

хорижий етакчи ва нуфузли олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини татбиқ этиш асосида малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув ва илмий-услубий таъминотни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш;

педагогика таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;