Йиғилишда чиқиш қилган бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовнинг маълум қилишича, тумандаги барча муаммоларни бартараф этиш учун президент қарори лойиҳаси тайёрланмоқда ва мазкур қарор лойиҳаси бўйича туманни иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан ривожлантириш учун 1 трлн. сўмга яқин маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

«Икки кун давомида юртбошимиз топшириғи билан ишчи комиссия ҳудуддаги вазиятни ўрганди. Барча вазирликлар кеча ва бугун ишлаб, ўрганиш натижалари умумий дастурга киритилди. Юртбошимизнинг қарори лойиҳасини тайёрладик.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Сўх туманини ривожлантириш учун 843 миллиард сўм ажратилиши мўлжалланган. Шу йилнинг ўзида 288 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилиб, 5,5 мингта янги ишчи ўрни яратишга қарор қилинди. Бу жуда катта иш, бир ҳудудга шунча маблағни қисқа муддатда ажратиш ва режаларни амалга ошириш.
Асосий муаммолардан бири йўл масаласи. Умуман йўл йўқ десаям бўлади. Албатта биз йўл хўжалигини бетон қопламага ўтказиб, Россияга кета олмай қолган одамларимизни иш билан таъминлаш масаласини кўряпмиз. Қўл билан ишлаймиз ва бу кўп вақт туради. Бу орқали мингга яқин одамга иш топиб берамиз. Шу билан бирга, биринчи навбатда инфратузилмани яхши қилишга эътибор беришимиз керак. Сув масалалари, канализация масалалари, кабель, электр. Аввал шу ишларни тугатиб, кейин йўлни қиламиз.
Ҳурматли бош вазиримиз айтиб ўтдилар, пул тайёр. Ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Бу ишларни тезда қиламиз.
Яна бир масала сув масаласи. Бу ерда сув кўп, лекин сувни етказиб бериш муаммо. Буни ҳам вазирликлар билан бирга ўргандик. Бугунги кунда туманда 35 мингга яқин аҳоли марказдан узоқда, сувдан узоқда яшаяпти. Буларнинг ҳисоб-китобини олдик, юз фоиз ичимлик суви билан таъминлаймиз. Сув манбаси бор, етказиб бериш масаласини ҳал қиламиз, трубалар билан хонадонларга етказиб берамиз.
Кейинги масала уй масаласи. Бу ерда бир хонадонда 3-4 оила яшамоқда. Бу замон талабларига жавоб бермайди. Кўп қаватли уйлар қуриш имкониятимиз бор. 5 қаватли уйлар, керак бўлса 7 қаватли уйлар қурамиз. Фарғонада 16 қаватли уйлар қуряпмиз.
Бу ерда ер кам, шунинг учун тепага қараб ўсишимиз керак, кўп қаватли уйлар қурамиз. Барча шароитлари бўлади. Бу ерда 7 қаватли уйлар қура оламиз.
Бу ерда қурилиш материаллари сотиладиган дўконлар ҳам қиламиз. Устига бир сўм қўйилмайди, худди Фарғона шаҳридаги нархлар бўлади.
Бу ҳозирча. Балки кейинроқ цемент заводи ҳам қурармиз. Ташиб юришга ҳожат бўлмайди. Бош вазиримиз рухсат берса, бу ерда йилига 100-200 минг тонна цемент ишлаб чиқарадиган завод қурсак бўлади», деган Раматов.









