– «Сардоба» фожиаси рўй берганига ҳам бир ойдан ошди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши очилди. Мазкур ишга алоқадор бўлган икки киши аллақачон ҳибсга ҳам олинди. Тергов жараёни давом этмоқда.

Фожиа сабаблари ҳукумат томонидан тузилган махсус комиссия томонидан ҳам ўрганилмоқда. Ўзингизнинг таъбирингиз билан айтганда, масаланинг бу тарафини мутасаддиларга қўйиб берайлик-да, сиз билан фожиани юзага келтирган омиллар ҳақида гаплашсак.

Kun.uz’да эълон қилинган мақолангизда сув омборидаги фалокатга лойиҳалаш жараёнидаги хатолар сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини баён қилгансиз. Аммо биз суҳбатлашган мутахассислар лойиҳаларда, одатда, ҳисоб-китоблар ортиғи билан кўзда тутилиши, фожиага катта эҳтимол билан қурилишдаги хатолар сабаб бўлганини айтишди. Бу фикрга қўшиласизми? Фалокат лойиҳалаш чоғидаги хатолар туфайли содир бўлгани мутахассис сифатидаги тахминингизми ёки қўлингизда бу борада қандайдир маълумотлар борми?

Албатта, мен Ўзбекистондаги ҳар бир мутахассис фикрини ҳурмат қиламан. Балки улар лойиҳа жараёнида хатоликлар бўлмаслигини айтишганида қўлларида шунга яраша маълумот, асос бўлиши мумкин. Шунинг учун уларнинг фикрига қарши чиқмоқчи эмасман. Бироқ ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, лойиҳалаш даври жуда мураккаб жараён ҳисобланади.

Канадада бўлганим учун дунёдаги жуда машҳур, номдор инженеринг-консалтинг фирмалари билан ҳамкорлик қиламан. Улар шу даражада машҳурки, бошқа кўп давлатларда ўз офисларига эга. Шундай бўлса-да, улар тайёрлаган лойиҳанинг сифатини, стандартларга мос келишини кимдир текшириши керак. Мен шундай иш билан шуғулланаман. Бундай фирмалар лойиҳанинг биринчи хомаки варианти тайёр бўлгач, бизга юборишади. Ҳатто ўша номдор инженеринг компанияларининг ҳам ишида ўнлаб, баъзида ундан ҳам кўп хатолар топилади. Биз эса хатоларни шарҳлаган ҳолда уларга қайтарамиз. Фирмалар улар устида ишлашга, камчиликларини тўғрилашга яна камида 3-4 ой вақт сарфлайди.