Хусусан, Зафар Ҳошимов бизнесга кириб келиши тасодиф бўлганини айтади. У университетда таҳсил олгандан сўнг, илмий изланишни мақсад қилгани, кейинчалик режалари ўзгариб чакана савдога кириб келиши ҳақида сўзлаб берган.

«92 йилларга келиб, ўзгаришлар кўп бўлди. Ёш оилали одамман, тирикчилик масъулияти пайдо бўлди. Шундай қилиб, бизнес қила бошладим. Бир-икки йил ишлаганимдан сўнг, отамнинг «бизнес ҳам илм, уни ҳам ўрган», деган маслаҳати билан Англияга бориб ўқидим. Ўқишни 94 йили битириб келиб, озиқ-овқат маҳсулотларни тарқатиш иши билан шуғуллана бошладим. Масалан, шакар, ўсимлик ёғи, Қозоғистондан ун, Unilever компанияси маҳсулотларини олиб келиб, савдо қила бошладим.

Совет тизимидаги марказлашган тақсимот қулагандан сўнг, анъанавий дўконлар янги бозор иқтисодиётига тез мослаша олмади. Шунинг учун, бутун чакана савдо бозорларга чиқиб кетди. Тошкент шаҳрида Отчопар, Аския ва бошқа бозорларда нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, балки ҳамма нарса савдо қилинадиган нуқтага айланди. Менинг тушунчамда, бу ўтиш даври, кейинчалик ҳамма чакана савдо ривожланади, деб ўйлардим. Шу хаёллар билан маҳаллаларда қолган дўконларга товар етказиб бериб, ишлай бошладим.

Шу пайтда хусусийлаштириш иши шундай бўлдики, дўкон активларини айнан шу дўкон жамоа аъзолари хусусийлаштириб олиши керак эди. Тизим шундай бўлдики, жамоа хусусийлаштириш ўрнига, дўкон мудири хусусийлаштириб олди. Масалан, мудир ва унинг оила аъзолари 90-97 фоиз активларга эгалик қилиб, 1-2 фоизи жамоанинг бошқа аъзоларига тегишли бўлган. Дўкон мудири у пайтда сўзи ўткир одам бўлган. Жамоа орасида бу нарса мулк сифатида адолатли тақсимланмаган.

Совет савдо тизимида ишлаган одамлар фақат базадан товар олиб келиб, сотишни биларди. Ким режани бажарса, уддабурон бўлса, мукофот оларди. Энди буларнинг барчаси тўхтади. Улар энди хусусий тадбиркор сифатида чакана савдони юритиши керак. Лекин эски формациянинг одамлари бўлгани туфайли, янгиликка тез мослашиб кетмаган. Масалан, маҳсулот топшириб кетсак, қарзга бер, дейди. Айланма маблағлари бўлмай, эртасига келсангиз, маҳсулот сотилган-у, пулини «солиқчи олиб кетди», «қизимнинг тўйи эди», дейди. Чакана савдода мол тарқатувчи бўлиб, роса қийналдим.

Чакана савдонинг имкониятларини тушунмаяпти, дея 96 йилда амалдаги Angelsey Food корхонасини давлат рўйхатидан ўтказдик», – деди у.