Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлигининг Андижон вилояти Андижон шаҳрида Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:
ҳудудда иқтисодиёт, қурилиш соҳа ва тармоқларининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифалари, шунингдек, замонавий техника ҳамда технологияларнинг ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда иқтисодиёт ва қурилиш соҳаси бўйича амалий кўникмаларга эга, рақобатбардош олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни, шунингдек, оммавий касб мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
ўқув ва илмий лаборатория хоналарини ташкил этиш, замонавий технологиялар асосида жиҳозлаш ҳамда ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш;
хорижий етакчи ва нуфузли олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини татбиқ этиш асосида малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув ва илмий-услубий таъминотни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш;
ўқув жараёнида назарий тайёргарликнинг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида иқтисодиёт ва қурилиш соҳасидаги ташкилотлар билан биргаликда талабаларнинг амалиётларини тегишли соҳа ташкилотларида ташкил этиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйиш;
таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
иқтисодиёт ва қурилиш соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;
республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.















