“Маълумки, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 29 майдаги йиғилиши баёни билан футбол бўйича халқаро ва ички мусобақаларга юқори даражада тайёргарлик кўриш ҳамда уларда қатнашиш мақсадида:
- профессионал футбол клубларига ўз ўқув машғулотларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда бошлашга;
- 2020 йил 5 июндан бошлаб Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатларини давом эттиришга рухсат берилди.
Бунда футбол ўйинлари томошабинлар иштирокисиз ўтказилиши белгиланди.
Шунга мувофиқ, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси хамкорлигида халқаро тажрибани ўрганган ҳолда “COVID-19 пандемияси даврида чеклаш тадбирларини қўлланиши шароитида профессионал футбол машғулотлари ҳамда мусобақаларини ташкил қилиш тўғрисидаги вақтинчалик санитария-гигиена қоида ва меъёрлари” ишлаб чиқилди.
Ушбу вақтинчалик санитария қоида ва меъёрларида Профессионал футбол жамоалари машғулотларини ташкил этиш, мусобақалар ўтказиш ва ўқув-машғулот базасидан фойдаланишга доир талаблар белгилаб берилган», дея Ботир Қурбоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мутасаддининг қайд этишича, футбол бўйича суперлига ўйинларини ўтказишда қуйидаги асосий талабларга риоя қилиниши лозим:
- битта учрашувдаги иштирокчиларнинг (жамоалар, ташкилотчилар ва ОАВ ходимлари) умумий сони 140 нафардан ошмаслиги керак;
- учрашув учун танлаб олинган барча тўплар, GPS тизимлари (Polar тизими), фишкалар, дарвозалар устунлари ҳамда тўрлари, барча экипировкалар дезинфекция қилиниши шарт. Бунда улар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария бўйича барча талабларига жавоб бериши керак.
- учрашувлар ўтадиган стадионларга кириш олдидан ҳар бир жамоа аъзоси пирометрия (тана ҳароратини ўлчаш) текширувидан ўтиши шарт.














