Даврон Турдиев 2017 йил Хитойнинг Шен Жень шаҳрида бўлиб ўтган эслаб қолиш бўйича жаҳон чемпионатида қатнашган. «Я могу» шоуси ғолиби. «Россия 1» каналидаги «Удивительные люди 3» кўрсатувида иштирок этган.
29 ёшли ўзига хос интеллект соҳиби билан суҳбатимиз аввали ва охирида унинг супер хотирасига ишонч ҳосил қилиш учун кичик синов ҳам ўтказдик.
– Даврон, бу эслаб қолиш – қобилиятми ёки машқлар натижаси?
– Эслаб қолиш, яъни кучли хотира аслида қобилият эмас. Мен шунақа деб ўйлайман. Кўпчилик қобилият деб ўйлайди. Чунки ноёб нарсадек туюлиши мумкин. Бу инновация ҳам, талант ҳам эмас.
Бу нарса билан 4 минг йил олдин ҳам шуғулланишган. Ҳозирги кунда телефонлар, смартфонлар чиқиши одамлар хотирасини ривожлантирмасликларига сабаб бўлиб қолган. Спортчиларни кўрса, негадур ундай деб ўйлашмайди. Масалан, сальто отадиган ёки боксчи одамни кўришса, бу ўзи шундай туғилган, деган одамни кўрмадим. Шуғулланган, машқ қилган дейишади.
Мен қилган ишни ҳамма қила олади. Худо берган талант, лекин бу талант ҳаммада бор. Одам ўзида ривожлантириши керак холос.

– Россия рекордчисига айландингиз. Бу сизга нима берди?
– Россияда ўрнатган рекордим ҳаётимни ўзгартириб юборди. Россияга бориб келишимдан олдин мактабда ўқитувчи эдим. Рекордим эфирга узатилганида Тошкентга келиб бўлган эдим. Эфирдан сўнг обрўйим бирдан ошиб кетди. Мухлислар, мижозлар кўпайиб кетди. Кўп инсонлар таниди. Умуман олганда, Россиядаги рекордим менга жуда ёрдам берди.
– Рекордингиз моддий томондан ҳам фойда бердими?
– Тўғридан тўғри бўлди ҳам. Чунки рекорд ўрнатганимга 50 минг рубл пул беришди. Ўша вақтда минг долларга яқин пул эди. Мен кўпроқ пул топишни бошладим. Сабаби кўпроқ танилдим. Кўп инсонлар ўргатишимни сўраб мурожаат қилишни бошлади.
Ўша эфир сабабли мен тадбиркор бўлдим. Мен ҳеч қачон бу нарса орқали пул топаман, деб ўйламаганман. Бу – менинг ҳоббим. Aгар ҳозир бошқа иш қилсам ҳам, барибир шу иш билан шуғулланаман. Чунки яхши кўраман.
– Ҳаётингизда шу қобилиятингиз сизга қўл келган бирор воқеани айтиб бера оласизми?











