Замонавий тиббиётнинг энг сўнгги янгиликларини ўзида жамлаган бу клиника номи бежизга қўйилмаган ва фаолиятининг асосида нанотехнологиялар, нуклеар тиббиёт ётади.
Кўп йўналишлар бўйича Марказий Осиёда ягона бўлган бу тиббий марказ Ўзбекистонда тиббий туризм ривожига ҳам ҳисса қўшиш салоҳиятига эга. Чунки бу масканда қўлланилаётган услублар қўшни давлатларнинг аксариятида ҳали жорий этилмаган, ривожланган давлатларда эса анча қиммат ҳисобланади.


Тиббий марказда радионуклид текширувига асосланган ядро тиббиёти ва интервенцион радиология жорий қилинган. Бу турли эндокрин ва онкологик касалликларни аниқлаш ва даволашда катта самара беради. Ушбу йўналишлар Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) назоратида ташкил этилган.


Бундан ташқари, Германия, Туркия, Россиядаги етакчи тиббий марказлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Клиникада, шунингдек, суяк тўқимасининг минерал зичлигини аниқлашнинг диагностик усули ҳам муваффақиятли қўлланмоқда.

Давлат раҳбари ташрифи бўйича клиника бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди, нуклеар тиббиёт мутахассиси Яҳёхўжа Носирхўжаев билан суҳбатлашдик.
«Президентимизга клиникамизнинг қурилиш услуби, ҳар бир қадам майдондан унумли фойдаланилгани ёқди. Шу жойнинг ўзида мутасаддиларга бу тажрибани бошқа қурилишларда ҳам қўллаш бўйича кўрсатмалар бердилар. Бундан албатта жуда хурсанд бўлдик», – дейди шифокор.



































