Ўзбекистон | 14:00 / 14.06.2020
4112
2 дақиқада ўқилади

Энди тупроқ таркибини текширтириш учун лабораторияга бориш шарт эмас. Мобил лаборатория даланинг ўзида хизмат кўрсатади

Фермер хўжаликлари, кластерлар ва томорқа ер эгаларига тезкор тупроқ хизматларини кўрсатиш мақсадида «TUPROQ KLINIKASI» мобил лабораторияси ташкил этилди. У даланинг ўзида тупроқнинг озуқа элементлари билан таъминланиши, шўрланиш ва тупроқнинг бошқа хоссалари бўйича хизматлар кўрсатади.

«Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти бир қатор олимлари томонидан ҳудудларда фермер хўжаликлари, кластерлар ва томорқа ер эгаларига тезкор тупроқ хизматларини кўрсатиш мақсадида «TUPROQ KLINIKASI» мобил лабораторияси ташкил этилди.

Давергеодезкадастр қўмитаси раҳбариятининг топшириғига асосан ушбу мобил лаборатория бевосита ҳудудларда даланинг ўзида тупроқнинг озуқа элементлари билан таъминланиши, шўрланиш, тупроқ муҳити -рН ва бошқа тупроқ хоссалари бўйича хизматлар кўрсатади», дея Давергеодезкадастр қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Неъматжон Атамуратов.

Қайд этилишича, тупроқ хусусиятлари жойнинг ўзида институт олимлари томонидан мобил лаборатория ёрдамида диагностика қилинади. Таҳлил натижалари асосида ер эгаларига керакли тавсиялар берилади.

«Дастлабки хўжалик шартномаси Бухоро вилоятидаги «БУХОРО СЕРВИС» агрокластери билан тузилди ва агрокластернинг Вобкент тумани «Янги ҳаёт» массивидаги суғориладиган ерларнинг ҳолати ўрганилди, тегишли тупроқ хариталари тузилди ва тавсиялар берилди.

Бу йўналишдаги ишлар бошқа ҳудудлардаги фермер хўжаликлари, агрокластерлар ва томорқа ер эгалари ерларида ҳам давом эттирилади», дейилади Тупроқшунослик ва агрокимё илмий тадқиқот институти ахборот хизмати хабарида.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид