Ўнлаб ходимларга коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган, бозор атрофидаги 11та туман карантинга ёпилган. Бу бозор Пекиндаги гўшт ва сабзавот маҳсулотларининг 80 фоизини етказиб берадиган бозор ҳисобланади.
Шаҳардаги барча бозорлар вақтинча ёпилган. Шунингдек, ҳукумат мактабларни очиш тўғрисидаги режани кейинроққа қолдиришга қарор қилган.
Пекиннинг Фентай туманида «ҳарбий ҳолат режими» эълон қилинди. Эндиликда Хитой пойтахти эпидемиянинг иккинчи тўлқинини бошдан кечиришга тайёрланмоқда.
Хитойда сўнгги бир кунда коронавирус билан касалланиш бўйича 57та ва касаллик белгисиз ўтаётган 9та ҳолат аниқланди. Беморларнинг 2 нафари соғайди, вафот этиш ҳолатлари қайд этилмади.
Янги касалланиш ҳолатларининг 36таси мамлакат ичида аниқланган (Пекинда – 36, Ляонин провинциясида – 2), 19та ҳолатда эса четдан кириб келганларда вирус қайд этилган. Мамлакатда жами 83132 киши коронавирусга чалинган. Беморларнинг 78 369 нафари соғайган, 4 634 нафари вафот этган. Айни вақтда шифохоналарда 129 нафар бемор қолмоқда.
Бразилия Covid-19’дан ўлим даражаси бўйича Британияни ортда қолдириб, дунё рейтингида иккинчи ўринга чиқиб олди. Шу вақтгача Жанубий Американинг ушбу мамлакатида коронавирус 43 мингга яқин кишини ҳаётдан олиб кетди. Жами зарарланиш ҳолатлари сони 850 мингдан ошган. Лекин мамлакат аҳолиси оммавий равишда тест қилинмагани туфайли рақамлар бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Бразилия ҳали касаллик авж олишининг энг юқори нуқтасидан ўтмагани айтилмоқда.
Ҳонгконгда Ocean Park кўнгилочар маскани 4 ойлик карантиндан кейин очилди, аммо бу парк ҳозирча фақат 25 фоизга ишлайди. Шанба куни юзлаб одамлар бу ерга кириш учун ёмғир остида навбатда туришди.
Швецияда мамлакат ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланишга рухсат берилди. Ушбу мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий этилмаган бўлса-да, ҳукумат фуқаролардан заруратсиз саёҳатларга чиқмасликни сўрамоқда.
Ҳиндистон ва Арманистонда кунлик ўсиш бўйича рекорд кўрсаткичлар қайл этилди - мос равишда 11 458 ва 723та ҳолат. Ҳиндистон айни вақтда Covid-19 беморлари сони бўйича дунё рейтингида тўртинчи ўринга чиқиб олган. Расмий прогнозларга кўра, Ҳиндистон пойтахти Деҳлида июль ойи охиригача 500 мингдан ортиқ киши коронавирусдан зарарланиши мумкин.
Ҳозирнинг ўзида мамлакатнинг яна бир йирик шаҳри Мумбайда Covid-19’дан касалланганлар сони касаллик тарқалиши бошланган Уҳанда қайд этилган ҳолатлардан кўпроқдир. Ҳиндистондаги шифохоналар беморлар оқимига дош беролмаяпти; хабарларга кўра, кўплаб беморлар зарур тиббий ёрдамларни қабул қила олмасдан вафот этишмоқда.



















