Ўзбекистон | 10:01 / 14.06.2020
78103
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёга коронавирус қайтди, жами ҳолатлар сони 5 мингга яқинлашди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда яна 28 кишида коронавирус аниқлангани ва Сурхондарё яна коронавирусли ҳудудга айлангани ҳақида хабар берди.

«2020 йил 14 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 4994 нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 7 нафари карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида, 10 нафари Тошкент вилоятида (шундан 4 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, 6 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинган), 9 нафари Сурхондарё вилоятида ҳамда 2 нафари Бухоро вилоятида аҳоли орасида аниқланган», дейилади хабарда.

13 июнь куни 97та янги ҳолат қайд этилиб (шундан 5 нафари аҳоли орасида), 116 бемор тузалди ва шу вақтгача тузалганлар сони 3874 нафарга етди.

Ҳозирда шифохоналарда 1101 бемор даволанмоқда. Улардан 12 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда.

  • Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилоятида март ойидан буён 44та касалланиш ҳолати қайд этилган, беморлардан бири вафот этди, 43 нафари тузалди, беморларнинг сўнггиси 20 май куни тузалган ва вилоят коронавирусдан холи ҳудудга айланганди.
  • Бунгача Навоий, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ҳам коронавирусга чалинганларнинг барчаси тузалиб, ушбу ҳудудларда бемор қолмаган, аммо кейин яна янги ҳолатлар аниқлана бошлаганди. Айни вақтда фақат Жиззах ва Фарғона вилоятлари коронавирусдан холи ҳудудлар бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид